Ишончли вакил паркентлик сайловчилар билан учрашди

20.10.2021, 20:11

Ишончли вакил паркентлик сайловчилар билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига O’zLiDePдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятидаги ишончли вакили Раъно Турдибоева сайловнинг сўнгги ҳафтасини Паркент туманидаги сайловчилар билан учрашишдан бошлади.

Сайловолди ташвиқот учрашувини партия вилоят Кенгаши раиси Тўлқин Файзиев очиб, йиғилганларга номзоднинг ишончли вакили Раъно Турдибоевани таништирди.

Ишончли вакил Раъно Турдибоева Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиядан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури мазмун-моҳиятини кенг ёритиб бераркан, унда белгиланган асосий устувор йўналишлар борасида батафсил маълумотлар берди.

Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига ташрифи чоғида Паркентнинг Ризамат ота узумларини алоҳида тилга олиб, бу ерда Узумчилик маркази ташкил этишни таклиф қилгани бежиз эмаслигини таъкидлади. Бунинг замирида Паркентдаги заҳматкаш инсонларнинг меҳнатлари ётганини қайд этди.

Вилоят аҳли билан ўтган учрашувда номзод ўзининг самарали меҳнати ва ибратли фаолияти билан эл-юрт ҳурматини қозонган паркентлик қаҳрамонлар, вилоятнинг шон-шуҳрати ва обрўсини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фахрийларни номма-ном тилга олгани унинг ҳудудни нечоғлик яхши билишидан далолат беришини алоҳида таъкидлади.

Ишончли вакил Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида келгуси беш йилда туманни ҳар томонлама ривожлантириш чора-тадбирларини аниқ белгилаб берганини эътироф этди.

Паркент туманидаги мавжуд 27 миллион тонна темир рудасини ўзлаштириш бошланиши, уни туризм марказига айлантириш мақсадида, “Янги Ўзбекистон” боғидан Паркентнинг сўлим гўшаларига элтувчи, 30 километр узунликдаги янги магистрал йўл қурилиши, Тошкент шаҳридан Паркентга тезюрар автобуслар қатнови ташкил этилиши, туман инфратузилмасига 100 миллиард сўм ажратилиши, туманда туризм учун махсус солиқ режими жорий қилиниши каби масалаларга эътибор қаратганини етказди.

Учрашувда сўзга чиққан туман фаолари, фахрийлар, ёшлар вакиллари, мана шундай юксак савияда кечаётган сайловолди ташвиқот тадбирида қатнашаётганликларидан мамнун эканликлари, номзод дастури мазмун-моҳиятидан тўла хабар топганликларини билдиришди.

Охирги беш йилда эришилган ютуқлар осонликча қўлга киритилмагани, унинг ортида Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати, халқ фаровонлиги йўлида чеккан захматлари турганини таъкидлашди.

24 октябрь куни бўлиб ўтадиган катта сиёсий тадбирда Янги Ўзбекистоннинг Янги Паркентини барпо этиш учун якдиллик билан Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини билдиришди.

Ишончли вакил Раъно Турдибоева йиғилганларни Янги Ўзбекистонни барқарор ривожланиш йўлидан дадил етаклаб, халқни инсонпарвар жамият ва давлат қуришда жипслаштира оладиган муносиб номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирди.

Ишончли вакилнинг сайловолди ташвиқоти “Инсон қадри учун” шиори остида ўтказиб келинаётган оммавий тарғибот тадбирига уланиб кетди.

Тадбирнинг концерт дастурида Ўзбекистон, Она юрт, ёшликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, нафис рақсларнинг ижро этилгани барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    245
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+