Ишончли вакил тиббиёт ходимлари ва ёшлар билан учрашди

21.10.2021, 18:14

Ишончли вакил тиббиёт ходимлари ва ёшлар билан учрашди

Бухоро Нефт ва газ саноати коллежида партиядан президентликка номзоднинг ишончли вакили Самойдин Хусенов шаҳар соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ва илк маротаба овоз берувчи ёшлар билан учрашди.

Учрашув аввалида сайловнинг мамлакат ва халқ учун жуда муҳимлиги, овоз бериш орқали сайловчи кейинги келажаги ва тақдирини ҳам белгилаши таъкидланди.

Ўтган беш йилликдаги ислоҳотларнинг давомийлиги номзоднинг сайловолди дастурида ўз ифодасини топган бўлиб, ишончли вакил унинг муҳим йўналишлари тўғрисида маълумот берди. Уларнинг амалга ошириш механизмини ҳам сайловчиларга батафсил тушунтириб берди. Хусусан, вилоят миқёсида бажаралиши режалаштирилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятда тиббий хизматлар сифатини тубдан ошириш мақсадида, Бухоро шаҳрида илмни амалиёт билан бирга олиб борадиган, “тиббиёт шаҳарчаси” ташкил этилади. Бунда, вилоятнинг 10 та тиббиёт муассасаси билан бирга,  Бухоро тиббиёт институтининг  энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган клиникаси барпо этилади. Бу ерда, нейрохирургия, онкология ва кардиохирургия йўналишларида махсус бўлимлар очилади ҳамда мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади. Ҳомиладор аёллар ва чақалоқларга  юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш учун эса,  Ғиждувон,  Ромитан,  ва Қоракўлда перинатал марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Бирламчи бўғинда 40 ёшдан ошган  500 мингдан зиёд аҳоли  диабет,  юрак-қон томир  ва онкологик касалликлар бўйича  манзилли тиббий кўриклардан ўтказилади.

Келгуси беш йилда  яна 14 та оилавий шифокорлик пункти  ва 6 та оилавий поликлиника ташкил этилади, 100 та тиббиёт муассасаси тўлиқ таъмирланади.

Учрашув давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мадина Баратова сўзга чиқиб, номзоднинг юртимиздаги барча соҳаларни ривожлантиришга қаратилган режалар тўғрисида фикр билдириб, тиббиёт соҳасида юз берадиган ўзгаришларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Тарғибот учрашувида сўзга чиққан Сайёра Рўзиқулова номзоднинг инсоний фазилатларини санаб ўтиб, Ш.Мирзиёевнинг ҳар қандай оғир вазият бўлмасин, халқи билан елкама-елка туриши, биринчи ўринда доимо инсон ва халқ манфаатини қўйишини қадрлашини айтиб, барчани сайловда номзодга овоз беришга чақирди. Коллежнинг ёшлар етакчиси Хуршида Азимова номзоднинг ёшлар масаласида амалга оширган ишлари, хусусан, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимининг ишлаб чиқилганлиги, уларни имтиёзли кредитлар ва субсидияга асосланган уй-жойлар билан таъминланаётганлигини мамнуният билан эътироф этиб, сайловда Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини билдирди.

  • Кўрилди
    333
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+