Депутат ташаббуси билан янги мактаб қурилди

23.11.2021, 19:11

Депутат ташаббуси билан янги мактаб қурилди

1993 йилда қурилиб, то бугунги кунгача бирор марта ҳам таъмирланмаган Бухородаги мактаб O'zLiDeP депутатининг саъй- ҳаракатлари билан янгидан қурилди.

Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Ал-Бухорий қишлоғидаги 40-умумий ўрта таълим мактабида спорт зали ва қўшимча заллар баннерлар билан қисмларга бўлиниб, синфхоналар ташкил этилган. Дарс хоналари етишмаслиги сабаб, айрим фанлар мактаб ёнида жойлашган хонадонларда ўтилар, мактаб жиҳозлари яроқсиз, мактаб эса  харобага айланган эди.

Аҳвол шу даражага етишига қарамай, бу таълим маскани фаолияти Халқ Таълими Бошқармасининг вилоят ва туман мутасаддилари назаридан четда қолган.

Бир мактабнинг бундай оғир шароитда қолиши ўқувчиларнинг билим олишига жуда катта салбий таъсир ўтказиши билан бирга дарсларнинг хонадонларга кўчирилиши ўқитувчилар жамоасига ҳам бир қанча ноқулайликлар туғдираётганини ҳисобга олган асли шу қишлоқда униб ўсган,  Навоий шаҳар депутати С.Ғаффоров дастлаб туман ХТБ масъуллари билан боғланди. Масъуллар томонидан мазкур ўқув даргоҳи 2022 йилнинг давлат дастурига киритилса, капитал таъмирланиши мумкинлигини айтишади ва орадан ҳеч қанча вақт ўтмай бу хулосани ҳам рад қилишади.

1993 йилда 326 нафар ўқувчининг таълим олишига мослаб қурилган мактабда аҳоли сонининг ошиши билан ўқувчилар сони 773 нафарга етган. Катта, янги ва  замонавий  мактаб қуриш учун эса катта маблағ билан бирга идорама-идора югурувчи бир фидокор керак эди.

Депутатлик фаолиятида бундай мурожажатларни ўрганиб, бу ишларда кўзи пишган С.Ғаффоров ўзи бошлаб яна 44 кишининг имзоси билан Халқ таълими вазирига мурожжаат йўллади.

Мазкур мактаб 2022 йил режасига ҳам киритилиши амримаҳол бўлиб қолган эди.

С.Ғаффоров депутат сифатида эмас, шу қишлоқнинг фарзанди сифатида  мактаб учун жон койитди. Керак жойда эшикма-эшик югурди. Ниҳоят  бир йил ўтиб, Бухоронинг Навоий вилоятига чегарадош Ғиждувон туманидаги 40-умумтаълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

-Тўғрисини айтсам, бу аҳволда болаларнинг ўқишини тасаввурга ҳам сиғдириб бўлмасди. Тўкилиб қолган мактаб  ёнидан ҳар ўтганимда ичимдан бир нима узилгандай бўлади. Шу масалада юзлаб одам билан гаплашдим. Ҳамма имкониятларни кўрдик. Мана ҳаракатларимиз зое кетмади. Янги мактабга қатнаётган ўқувчи ёшларни кўрсам ўзим ҳам қувонаяпман, - дейди Халқ депутатлари Навоий шаҳар кенгаши депутати С.Ғаффоров.

Аслида Президентимиз М.Мирзиёев таъбири билан айтганда “Ўзбекистоннинг янги уйғониш даврини яратишга киришган эканмиз, Ҳар бир юртдошимизнинг қалби ва онгида ана шундай маънавият шуъласи порлаши ва у бизни эзгу ишларга ундаб, юксак масъулият туйғуси билан яшашга даъват этиб туриши зарур.” 

Зеро, Ўзбекистоннинг эртанги куни ҳар биримизнинг уйғоқлигимиз билан бевосита боғлиқдир.

М.Пирнафасова,

O'zLiDeP Навоий вилояти кенгаши

матбуот котиби.

  • Кўрилди
    392
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+