Эътибор ўкинч ва маҳзун эмас, шод ва қувноқ нигоҳларда мужассам

03.12.2021, 15:57

Эътибор ўкинч ва маҳзун эмас, шод ва қувноқ нигоҳларда мужассам

Халқимизнинг қон-қонига сингиб, аллақачон қадриятларимизга айланиб кетган  кўнгли яримлар ҳолидан хабардор бўлиб туриш, уларга маънан ва моддиян кўмакдош бўлиш тўрт мучаси соғлом бўлган ҳар биримиз учун фарздир.

Бугун 3 декабрь - Халқоро Ногиронлар куни муносабати билан республикамизнинг ҳар бир гўшасида бўлгани каби, Навоий вилояти Кармана туманидаги 25-сонли эшитиш имконияти чекланган болалар учун махсус ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ҳам байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда O'zLiDeP Навоий вилояти ҳудудий партия ташкилоти  вакиллари ҳамда Халқ депутатлари Кармана туман кенгаши аъзолари иштирок этишиб, махсус мактаб-интернат ўкувчиларини байрам билан муборак этди.

Жисмонан заиф бўлса-да, қалбларида келажакка ишончи мустаҳкам эшитиш имконияти чекланган ўқувчи ёшлар ўзлари тайёрлаган мусиқий дастурни намойиш этишди, рақслар ижро қилиб байрамга тантанали руҳ беришди. Шунингдек, тумандаги маданият бошқармасига қарашли  ижодий жамоа, ҳарбий қисмнинг муддатли аскарлари томонидан байрамга туҳфа этилган намойишлар, Президент мактаби ўқувчиларининг совғалари байрамга шукуҳ бағишлади.

Партия вакиллари байрам тадбиридан сўнг мактаб-интернатнинг яқингинада фойдаланишга топширилган янги, замонавий биносини ва шарт-шароитларни ўрганди.

250 ўринли  мактаб ва 200 ўринли ётоқхона биносига эга бўлган интернатда айни пайтда 250 нафар ўқувчи, 78 нафар ўқитувчи, 84 нафар тарбиячи бўлиб, ўқувчилар учун умумий ҳисобда 222 нафар ходимлар таълим ва тарбия беришади. Фан ўқитувчилари диффиктология юзасидан  қайта ўқувдан ўтказилиб, сурдо бўйича билимга  эгадирлар.

Бундан ташкари мактабда 19 турдаги тўгараклар фаолият кўрсатади. Тўгараклар номигагина эмас. Интернатда  болалар ҳар хил касб-корга ўргатилади.

-Шу йил икки ўқувчимиз ОТМга кирди. Иккаласи ҳам мамлакатимиздаги энг нуфузли институтларда ўқишни бошлади. Давлат бюджетидан ҳар томонлама қулай шарт-шароитларга эга янги мактаб ва ётоқхонанинг қуриб берилиши ва замонавий жиҳозланганлиги ҳам болаларимизнинг, ҳам биз мураббийларнинг кўнглимизни тоғдек кўтарди, -дейди мактаб-интернат ўқитувчиси Ф. Ризаев.

Дарҳақиқат, бу ерда болалар ўзларига кўрсатилаётган эътибордан мамнун. Бу эса уларнинг ўкинч ва маҳзун эмас, шод ва қувноқ нигоҳларида мужассамдир.

Муҳайё Пирнафасова,

O'zLiDeP Навоий вилояти кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    838
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+