Хизматлар соҳаси 20 фоизга ўсган бўлсада, ҳали имкониятлардан тўлиқ фойдаланилаётгани йўқ

16.12.2021, 12:11

Хизматлар соҳаси 20 фоизга ўсган бўлсада, ҳали имкониятлардан тўлиқ фойдаланилаётгани йўқ

Хизмат кўрсатиш соҳасининг жадал ривожланиши нафақат аҳоли фаровонлигини таъминлашга, балки мамлакат иқтисодиётини юксалишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган бирорта соҳанинг ўзи йўқ. Шунинг ўзиёқ бу соҳа тараққиётимиз узвийлигини таъминлашнинг негизини ташкил этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида куни кеча хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур соҳани муҳим драйверга айлантириш ва 2023 йилга қадар хизматлар ҳажмини икки баробарга ошириш белгиланди.

Видеоселекторда таъкидландики, жорий йилда 18 триллион сўмлик 29 мингта лойиҳа амалга оширилиб, хизматлар соҳаси 20 фоизга ўсган бўлса-да, 5 та туман ва шаҳарда ўсиш суръати жуда кам. Бошқача айтганда, жойларда аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси ҳамон пастлигича қолмоқда.

Йиғилишда хизматлар соҳасини кенг ривожлантириш, фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш масалалари муҳокама қилинар экан, ҳар бир ҳудудга алоҳида ёндашув зарурлигини айтилиб, ҳудудларнинг географик жойлашуви, иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, 3 та йўналиш белгиланди.

Хусусан, хизматлар соҳасини 158 та туманда ривожлантириш, сайёҳлик масканлари бор 45 та ҳамда тоғли ҳудуддаги 40 та туманда туризм хизматлари кўпайтириш, Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида юқори даромадли хизматларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.

Бу борада туризм соҳаси учун махсус солиқ режими жорий этиш, меҳмон уйлари учун имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди. Эътиборлиси, келгуси йилда хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга 500 миллион доллар ажратилиши белгиланди.

Селекторда кўтарилган хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш масалалари биз депутатларни ҳам бефарқ қолдирмаслиги лозим. Чунки бу соҳа мамлакат тараққиётида ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда устувор аҳамият касб этади. Зотан, қайси ҳудудда хизмат кўрсатиш жадал ривожланса, ўша юртда ўзгариш, ривожланиш бўлади.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    516
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+