O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши янги бинода иш бошлади

27.12.2021, 12:09

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши янги бинода иш бошлади

Тадбиркорлар ва ишибилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Жиззах вилоят Кенгашининг янги маъмурий биносининг тантанали очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Акмал Аҳмедов бошчилигидаги “EURO ASIA MOTORS” МЧЖ қурувчилари томонидан бунёд этилган мазкур иморат замонавий дизайн, оригинал меъморий ечими ва бошқа жиҳатлари билан шаҳар кўркига кўрк бўлиб қўшилди. Икки қаватдан иборат бино автоном иситиш тизимига эга. Ҳар бир хона совутгичлар ва бошқа маиший техника билан тўлиқ таъминланган. Бино ҳовлисида автомобиль турар жойи, дам олиш айвончаси жойлашган. Партия фаоллари томонидан бино ҳовлисига 160 туп терак, 10 дона арча, 12 дона чинор, 4 туп ҳурмо, 4 туп гилос, 4 туп олма ва бошқа жами 200дан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Ҳовлида яратилаётган боғ алоҳида суғориш тизими билан таъминланган.

Байрамона безатилган маъмурий бинонинг расмий очилиш қисми бўлиб ўтди. Унда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходими Акром Алимов, партия вилоят Кенгаши раиси Э.Холматов, Жиззах шаҳар ҳокими К.Холмуродов, Меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Зиётов, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари, фахрийлар, электорат вакиллари, партия фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар барча соҳаларни, жумладан, сиёсий жабҳани ҳам тўлиқ қамраб олганини таъкидлар эканлар, Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари ва Сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Маълумки, партиямиз ташкил этилганининг илк кунлариданоқ, тадбиркорлар ва фермерлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш дастури билан сиёсий майдонга чиққан O’zLiDeP бугунги кунда мамлакатимиздаги етакчи сиёсий кучга айланди, амалий ишлар партияси сифатида ном чиқарди.

-Партиямиз ташкил этилганига 18 йилдан ошди, бироқ шу кунгача O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши ўз биносига эга эмас эди, - дейди Халқ депутлари вилоят Кенгаши депутати Фарҳод Одилов. - Бугун мана янги бино партия фаоллари ихтиёрига топширилди. Янги йил байрамига маслакдошларимизга туҳфа қилинган маъмурий бинодаги шарт-шароитларни кўриб, ҳавасимиз келди. Чунки, бу партия вилоят Кенгаши ходимларининг, депутатларимизнинг, маслакдошларимизнинг ислоҳотлар жараёнига қўшаётган муносиб ҳиссасига кўрсатилган эътирофдир.

Дарҳақиқат, партиянинг таркибий бўлаги бўлган O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши сўнгги йилларда ҳам сифат ҳам сон жиҳатдан ўсди. Охирги беш йилликдаги маълумотларни таҳлил қиладиган бўлсак, қуйидаги ҳолатга гувоҳ бўлишимиз мумкин. 2016 йилда бошланғич партия ташкилоти 582 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунда улар сони 862 тага етди. Партия аъзолари сони 2016 йилда 17 122 нафарни ташкил этган бўлса, айни пайтда бу кўрсаткич 80 минг нафардаан ошди. Бу эса партиямиз сафида бўлиш истагидаги фаол, фидойи ҳамюртларимиз сони ортиб бораётганини кўрсатади. Улар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этаётгани эса айниқса қувончли ҳол.

-Айни пайтда Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 27 нафар (47,4 фоиз), Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларида 119 нафар   (35,1 фоиз) O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари, электорат вакиллари ҳисобланмиш – тадбиркорлар ва фермерларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётган кўплаб муаммоларни партиявий воситалар билан бартараф этишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар, - дейди O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Шерзод Маматқулов. “Депутат ва тадбиркор” мулоқот Форуми ва “Депутат ва ёшлар” мулоқоти доирасидаги учрашувларда тадбиркорлар ва ёшлар томонидан қилинаётган ҳар бир мурожаат депутатларнинг доимий назоратига олинмоқда. Партиянинг яна кўплаб истиқболли лойиҳалари сабаб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хонадонлар, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, хусусий, оилавий тадбиркорликка жалб қилиш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.

“Маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилгач, депутатларимиз, партия фаоллари маҳаллий ҳокимлик, сектор раҳбарлари ҳамда ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимлари, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларни бартараф этиш йўлларини излаш, шунингдек, томорқа хизматини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Тадбир давомида қурувчиларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Улар ўз ўрнида маъмурий бинонинг рамзий калитини O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси Эркин Холматовга топширишди. Сўнгра меҳмонлар янги маъмурий бинода яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.

Партия фаоллари ихтиёрига топширилган мазкур бино партия вилоят Кенгаши таркибидаги бошланғич партия ташкилотлари фаолиятининг янада самарали бўлишига ҳисса қўшиши шубҳасиз.

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    472
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+