Тараққиёт стратегияси халқнинг ўй-ташвиши, орзу умидлари рўёбига хизмат қилади

08.01.2022, 12:42

Тараққиёт стратегияси халқнинг ўй-ташвиши, орзу умидлари рўёбига хизмат қилади

Меҳр-оқибат, қадр-қиммат тушунчаси бизга бегона эмас. Аммо тан олиш керак биз бу нодир туйғулардан бироз узоқлашгандекмиз. 2022 йилга “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”деб ном берилиши ва мамлакатиимизда Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “Инсон қадри учун” эзгу ғоясининг амалга оширилиши бу халқимиз хоҳиш-иродаси ва орзу умидлари рўёбига хизмат қилади.

Шу ўринда Президентимизнинг “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони лойиҳасини халқ муҳокамасига қўйилиши замирида ҳам халққа ишониш, халққа таяниш ва халқ билан бамаслаҳат иш олиб боришдек, адолат тамойиллари мужассам, десак хато қилмаган бўламиз.

Бинобарин, Тараққиёт стратегиясининг 2022 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” билан танишар эканман, унда илгари сурилган таклиф, мулоҳаза ва  ташаббуслар моҳияти ҳақида канча фикр юритсангиз ҳам кам. Эндиликда барча соҳаларда хусусан қишлоқ хўжалигида катта муваффақиятларга эришиб, эл-юрт тўкинчилигини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш мумкинлиги аён бўлмоқда. “Йўл харитаси”да қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баробар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш зарурлиги белгиланган.

Савол туғилиши мумкин, озиқ-овқат хавфсизлиги ва соҳада юқори самарадорликка эришиш учун нималарга аҳамият қаратиш лозим? Бу борада 2022 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”да  мамлакатимизда Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил этиш, 2022/2023 ўқув йилда 200 нафар талабани қабул қилиш, хорижий олий таълим муассасаларидан 8 нафар профессор жалб этиш, 16 нафар маҳаллий профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, республика ҳудудларида ўрмонлар майдонини кенгайтириш ва ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш белгилангани диққатга сазовордир.

Яна бир ўткир муаммо Тараққиёт стратегияси ҳужжатларидан ўрин олган ва бу борада  кўплаб таклиф, мулоҳазалар билдириляпти. Бу - Орол денгизининг суви қуриган туби ҳамда Оролбўйи ҳудудларида 200 минг гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишдир.   Саксовул ва бошқа чўл ўсимликларини 100 гектарда ниҳолхоналарни ташкил этиш,  ўрмон фондининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида 2,2 минг гектар майдонда ёнғоқ мевалилар, шундан, 1,5 минг гектар писта,  600 гектар  бодом, 120 гектар майдонда ёнғоқ плантацияларини барпо қилиш, Чорвоқ сув омбори атрофидаги ҳудудларда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш, Тошкент-Бўстонлиқ автомобиль йўли четларини ҳисобидан кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича ишлар жадаллаштирилади.

Аммо шуни айтиб ўтишни хоҳлардимки, бу лойиҳа қоғозда қолиб кетмаслиги керак. Биз депутатлар айнан шу ишларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини юзасидан иш олиб боришимиз, бош-қош бўлишимиз лозим. Тараққиёт стратегияси – бу халқимизнинг ўй-ташвиши, орзу ниятларининг рўёбга чиқишига хизмат қилади. Шундай экан, уни ҳар томонлама мукаммал ва тўлақонли ҳаётга жорий этишда ҳар киши у қайси вазифада ишлашидан қатъи назар масъул ҳисобланади.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    272
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+