O`zLiDeP Фахрийлар Кенгаши аъзолари маҳалладаги нуронийлар билан учрашди

14.03.2022, 16:36

O`zLiDeP Фахрийлар Кенгаши аъзолари маҳалладаги нуронийлар билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал- демократик партияси ҳузуридаги Фахрийлар Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Содиқжон Турдиев ташаббуси билан Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги Тут маҳалла фуқаролар йиғинида туман  аҳолиси билан учрашув ташкил этилди.

Тадбирни O`zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Илҳом Ботиров Президентимиз томонидан маҳаллага, нуронийларга, хотин-қизлар ва ёшларга эътиборнинг юксак намунаси сифатида ўтказилаётган видеоселектор шаклидаги анжуманларда илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг мазмун-моҳияти, “Инсон қадри учун” деган юксак ғоя асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар орқали инсон қадрини улуғлаш, мамлакатимиздаги барча аҳоли қатламларига бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришлари йўлида имконият ва шароит яратиб беришдек эзгу ғоя амалга оширилаётгани ҳақида қисқача фикрини билдирди.

Ушбу жараёнда O`zLiDeP масъулиятни тўла ҳис қилган етакчи сиёсий партия сифатида фаол иштирок этишга интилаётгани ва ушбу мақсадда кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳақида гапирди. Хусусан, вилоят ва туман шаҳарлар Кенгашлари ҳузуридаги O`zLiDeP Фахрийлар Кенгашлари таркибида 161 нафар нуронийлар ўзларининг аниқ режа ва мақсад атрофида ҳудудларда фаол иш олиб боришмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан “Навобод наслли парранда” фермер хўжалиги раҳбари, тажрибали тадбиркор, O`zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши ҳузуридаги Фахрийлар Кенгаши раиси Ҳайдар Ўроқов Фахрийлар Кенгаши фаолияти, жойларда ёшлар тарбияси ва камолоти, аҳоли бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ўз фикрларини билдирди.

Маҳалла ёшлари етакчиси сифатида иш юритаётган Шоҳжаҳон Пардаев маҳаллада ёшлар сиёсати, ёшлар балансини шакллатириш, ёшларни қўллаб қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.

Таъкидлаш жоизки, Тут МФЙ ҳудуди 1484 гектар ер майдонидан иборат бўлиб, маҳалла 4 та қишлоқни бирлаштирган ва 1280 та оилада 7520 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Шундан 4800 нафардан зиёдини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этса, 786 нафар ёши улуғ нуронийлар ўз ибрати ва намунаси билан ёшлар тарбияси, оилалар мустаҳкамлиги, ҳудуд ободлиги ва ривожланишида ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Ёшлар, аёллар ва темир дафтарда рўйхатда турувчи 60 нафар юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла инспектори ҳамжиҳат ва ҳамкорликда амалга ошираётган ишларидан аҳоли вакиллари ўз мамнунликларини билдиришди.

  • Кўрилди
    346
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+