Инвестиция – иқтисодиётимиз драйвери

25.03.2022, 17:55

Инвестиция – иқтисодиётимиз драйвери

Кейинги беш йил давомида мамлакатимизда иқтисодиёт ва инфратузилмани ривожлантириш, долзарб лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш мақсадида фаол инвестициявий сиёсат олиб борилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек,  “Қайси давлат фаол инвестиция сиёсатини юритган бўлса, ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган. Шу сабабли ҳам инвестиция – бу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги, десак, муболаға бўлмайди”.

Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда жадал иқтисодий ўзгаришлар юз беряпти ва халқаро ҳамжамият юртимизни бизнес ва инвестициялар учун кенг имкониятлар яратилаётган,  барча соҳаларда очиқлик, янгиланишлар, янгича ички ва ташқи сиёсатда қатъиятлилик яққол намоён бўлаётган мамлакат сифатида эътироф этмоқда.

Шу кунларда пойтахтимизда бўлиб ўтаётган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми қатнашчилари ҳам республикамизда инвестициявий сиёсат борасида кечаётган ижобий ўзгаришларни алоҳида қайд этдилар.

Ушбу анжуманнинг ялпи мажлисида давлатимиз раҳбари ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади. Президентимиз форум иштирокчиларини қутлаб, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳот ва янгиланишлар  ҳамда юртимизни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳақида сўз юритди.

“Буюк ўтмишдан – буюк келажак сари” тамойили асосида иқтисодий-ижтимоий ривожланишимизни жадал давом эттириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, хорижий валютани конвертация қилиш, хорижий инвесторлар томонидан фойдани репатриация қилиш бўйича чекловлар бекор қилинди. Халқаро ҳамжамият учун очиқлик сиёсатини таъминлаш учун 90 та хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш имконияти яратилди, яна 60 га яқин мамлакат фуқароларига эса енгиллаштирилган тартибда виза олиш имконияти берилди.

Фуқаролик жамиятини барпо этиш, сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон капиталини ривожлантиришда эришилган муваффақиятлар ҳам тилга олинди. Божхона божларини камайтириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицион муҳитни яхшилашдаги натижалар ҳам санаб ўтилди.

Изчил саъй-ҳаракатлар кутилган ижобий натижаларни беряпти.  Иқтисодиётимизга жалб қилинган йиллик хорижий инвестициялар ҳажми уч ярим баробарга ошиб, охирги 5 йилда уларнинг умумий қиймати 25 миллиард долларни ташкил этди. Бунинг ҳисобига 59 мингта инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши 2,5 миллиондан ортиқ янги иш ўринлари яратшга имкон берди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишларига батафсил тўхталди. Жумладан, кейинги 5 йил ичида ялпи ички маҳсулотни 100 миллиард долларга, йиллик экспорт ҳажмларини эса 30 миллиард долларга, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 80 фоизга етказиш кўзда тутилгани таъкидланди.

Президентимиз инвесторлар учун энг қулай ва жозибадор шароитларни яратиш, хорижий ҳамкор ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли шерикликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасидаги ишлар қатъий давом эттирилишини таъкидлади.

Шу ўринда O‘zLiDeP давлатимизнинг бу йўналишдаги сиёсатига ҳамоҳанг иш юритаётганини қайд этиш зарур. Дастуримизда қайд этилганидек, партия    Ўзбекистоннинг бизнес юритиш ва инвестиция киритиш учун энг жозибадор мамлакатлар қаторидан ўрин олишини таъминлаш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштиришга йўналтирилган фаол инвестициявий сиёсат юритилиши тарафдоридир. Ана шу мақсад йўлида партия турли лойиҳалар, тадбирларни ташкил қилмоқда. 

Мухтасар айтганда, бугун мамлакатимизда тадбиркорлик ҳаракатини кенг қулоч ёйдириш, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хорижлик инвесторлар учун ўз юртидаги шароитлардан ҳам қулайроқ имкониятларни яратиб бериш борасида жуда катта кўламдаги чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Албатта, бу ислоҳотлардан мақсад, аввало, халқимиз фаровонлигини ошириш, “Инсон қадри учун” тамойилини ҳаётга тўла жорий этишдир.

Давом этаётган халқаро инвестиция форуми ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 Дилшод Шоумаров,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

раиси ўринбосари, Тошкент шаҳар кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    521
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+