Ўзбекистон минтақавий IT марказга айланиши лозим

18.04.2022, 15:49

Ўзбекистон минтақавий IT марказга айланиши лозим

Тан олиш керак, бугун ахборот технологиялари иштирок этмаган бирор-бир соҳа қолмади. Чунки ахборот технологиялари тезкорлик, аниқлик ва замонавийлик нуқтаи назаридан барча соҳалар ривожи учун қулайликлар яратмоқда. Айтиш жоизки, бугун мамлакатимизда хорижий компаниялар билан алоқалар, импорт-экспорт операциялари ҳамда товар айирбошлаш, маҳсулотни танлаш, етказиш ёки бозорни ўрганиш дейсизми, хуллас ахборот технологиялари аралашмасдан бирорта юмушни уддалаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда бу соҳа ривожига катта эътибор қаратилмоқда.

Ушбу масалалар 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг Рақамли иқтисодиётни "драйвер" соҳага айлантириш борасида белгилаб берилган вазифалар ижросида ҳам ўрин олган. Бу борада O'zLiDeP вакиллари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлардан таркиб топган ишчи гуруҳ аъзолари Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурида белгиланган мақсадлар ва вазифаларнинг ижро этилиши ҳолатини ўрганмоқда. Ўрганишлар давомида соҳага алоқадор вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармаларининг ҳисоботларини депутатлик гуруҳлари йиғилишларида мунтазам эшитиб борилмоқда, ҳудудларда чиққан ҳолда ўрганишлар олиб борилмоқда.

Шу йилнинг 14 апрель куни давлатимиз раҳбари раислигида ахборот технологиялари соҳасидаги натижалар ва жорий йилги вазифалар муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган йиғилиш ҳам айнан ушбу соҳада амалга оширилган ишлар таҳлилига эътибор қаратилди. Унда сўнгги йилларда бу соҳада  инфратузилмани яхшилаш, малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича хизматлар сифати ва кўлами сезиларли ошгани таъкидлаб ўтилди. Хусусан, аҳоли масканларини мобил интернет билан қамраб олиш даражаси 2017 йилда 30 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 96 фоизни ташкил этмоқда. Ёки 2017 йилда соҳадаги экспорт ҳажми бор-йўғи 600 минг доллар бўлган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 46 миллион долларга, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 16 миллион долларга етгани алоҳида эътироф этилди. IT-паркларда 11 минг нафардан зиёд ёшлар ишлаётгани, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқиб чиққан ёшлар соҳа келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратаётгани мамнуният билан қайд этилди.Аммо бу ютуқлар баробарида соҳада ҳали соҳада фойдаланилмаётган имкониятлар ҳам жуда кўп. Айтайлик, ҳудудларда оптик толали интернет қамрови ва тезлиги бугунги талабга жавоб бермайди. Магистрал автомобиль йўлларининг атиги 38 фоизи мобил интернет билан қамраб олинган. Соҳанинг ривожланиш ҳолати ҳудудлар кесимида бир маромда эмас – IT хизматларнинг 90 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келади. Қорақалпоғистон, Андижон ва Сурхондарёда бу борадаги кўрсаткичлар жуда паст.

Давлатимиз раҳбари бу ҳақда айтар экан, эндиликда барча тармоқ ва ҳудудларда рақамлаштиришни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади. Тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни “драйвер” соҳага айлантириб, IT хизматларни 2,5 баробар ошириш ва экспортни 500 миллион долларга етказиш мақсади белгиланганини алоҳида эслатиб ўтди. Бунинг учун Ўзбекистонни минтақавий IT-марказга айлантириш кераклигини таъкидлади.

Бу ҳақда фикр юритганда, шуни айтиш жоизки, IT-паркларга кўпроқ компанияларни жалб қилиш, масофавий хизматлар марказлари ташкил этиш  орқали яна 5 мингдан зиёд ёшлар юқори даромадли ишга жалб қилиш имконияти мавжуд. Бунинг учун “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастуридаги лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш талаб этилади. Бу борада жорий йил якунига қадар 404 та ҳудудий ва 133 та тармоқ лойиҳаси ишга туширилиши лозим.

Йиғилишда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига яна 70 та хизматни Ягона интерактив давлат хизматлари порталига киритиш топширилди. Бу эса порталдаги хизмат турлари сони 376 тага етказилишидан далолат беради. Айтмоқчиманки, Президентимиз томонидан берилган топшириқлар ўз вақтида, сифатли амалга оширилса, албатта, бу соҳада биз янада юксак натижаларни қўлга киритамиз. Дарҳақиқат, бугун дунё билан барча соҳалардаги алоқаларимиз ахборот технологиялари билан чамбарчас боғлиқ экан, бу соҳани барқарор ривожлантириш орқали тараққиётнинг янги босқичига қадам қўямиз.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    290
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+