Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари учрашуви икки халқ азалий дўстлигини янги босқичга кўтарди

04.06.2022, 12:41

Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари учрашуви икки халқ азалий дўстлигини янги босқичга кўтарди

Дўстлик қудратли кучга эга. Айниқса, қўшни давлатлар ўртасидаги ўзаро борди-келди, тўю тантанларда бир-бирини йўқлаш, байрамларни бирга нишонлаш улар ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлайди. Шу маънода ўзбек ва тожик халқлари доим бир-бири билан ҳамнафас бўлган, қийинчиликларни бирга енгган, бир-бирининг муваффақиятидан қувонган, кулфатларидан азият чеккан, ёрдам қўлини чўзган.

Ана шундай мустаҳкам ришталарга эга икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашуви, имзоланган қатор ҳужжатлар ва битимлар бу алоқаларни янада юксак поғонага кўтаришига шак-шубҳа йўқ. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан шу йил 2 июнь куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг юртимизга расмий ташриф билан келиши иккала давлат халқларини жуда мамнун қилди.

Бу бежизга эмас. Чунки дўст ва биродар халқларнинг тобора бир-бирига яқинлашиши бу нафақат маънавий куч-қудрат ато этади, балки ижтимоий-иқтисодий муаммоларни елкама-елка туриб ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан олганда музокараларда асосий эътибор икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кун тартибини тубдан кенгайтириш масалаларига қаратилди.

Шуни мамниният ила эътироф этишни истар эдимки, Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон кўп қиррали Ўзбекистон – Тожикистон стратегик шериклигини янада ривожлантириш йўлидан қатъий боришмоқда. Буни улар учрашувда ҳам алоҳида таъкидлашди. Давлат раҳбарлари савдони фаол кенгайтириш ва саноат кооперациясини кучайтириш, икки мамлакатнинг логистика ва транзит имкониятларини ривожлантириш ҳамда сув энергетикаси лойиҳаларини амалга ошириш орқали муносабатларни янги амалий мазмун билан бойитиш бўйича ҳужжатларга имзо қўйишди.

Ўзбекистон раҳбари кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишларида улкан муваффақиятларга эришилганини катта мамнуният билан қайд этиб, Тожикистон бизнинг яқин қўшнимиз, содиқ дўстимиз, давр синовидан ўтган ишончли стратегик шеригимиз, деб алоҳида эътироф этди.

Албатта, дўстлик бор жойда муваффақият бўлади. Кучлар бирлашади, фикрлар, янги ғоялар, дўстона лойиҳалар кўриб чиқилади.

Айтмоқчиманки, Тожикистон бизнинг энг яқин иқтисодий ҳамкоримиз,  бамаслаҳат иш олиб боришда яқин дўст ва маслакдошимиздир. Бу фикрлар икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувида алоҳида тилга олинди. Мен ишонаманки, бу учрашув тарихий аҳамият касб этади ва мамлакатларимиз равнақига хизмат қилади.

 Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис қонунчилик палатасининг

халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.

  • Кўрилди
    279
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+