Хусусий бизнес вакиллари Конституция такомиллаштирилишини қўллаб-қувватлаяптилар

10.06.2022, 15:35

Хусусий бизнес вакиллари Конституция такомиллаштирилишини қўллаб-қувватлаяптилар

O‘zLiDeP турли корхоналар, муассасалар, хўжаликларда  Конституциямиз такомиллаштирилиши мавзусига бағишланган  тадбирлар ўтказишни давом эттирмоқда.

Термиз шаҳридаги “Сурхон саноат қурилиш” хусусий корхонасида бўлиб ўтган давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов ҳам иштирок этди. У  Асосий қонун ислоҳ этилишининг аҳамияти ва зарурати тўғрисида атрофлича сўз юритди. Киритилиши мўлжалланаётган ўзгаришлар “Инсон қадри учун” ғоясини рўёбга чиқаришга қаратилганини таъкидлади.

Мулоқот иштирокчилари Конституция такомиллаштирилишига хайрихоҳлик билдириб, талай таклифларни илгари сурдилар.  

Хусусан, корхона раҳбари Бахтиёр Рўзиев интеллектуал мулк тўғрисидаги таклифни ўртага ташлади. Тадбиркорнинг айтишича, мамлакатимизда ихтиролар, илмий ишланмалар, рационализаторлик таклифлари, илмий-ижодий ишлар муаллифларининг ҳуқуқи  тегишли қонунлар асосида ҳимоя қилинади. Бироқ даврнинг шиддат билан ўзгариши ҳамда соҳага турли янгиликлар жорий қилиниши қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини тақозо этмоқда. Бинобарин, Бош қомуснинг 42-моддасига “ҳар бир шахс қонун билан қўриқланадиган интеллектуал мулк ҳуқуқига эга” деган қўшимча банд киритиш мақсадга мувофиқдир.

Бу таклифни ҳам Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссияга тақдим этишга келишилди.

Шундан сўнг А.Хаитов корхона фаолияти билан  бевосита танишди. Бу ерда  йилига 30 минг куб метр ДСП ишлаб чиқариляпти. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ички бозорга чиқарилиши баробарида  Афғонистон ва Тожикистонга ҳам экспорт қилинмоқда.  2018 йилда корхонада ДСП маҳсулотини силлиқлаш ва ламинациялаш лойиҳаси амалга оширилди. Эндиликда  ламинацияланган ДСПдан   мебел ҳам ишлаб чиқариляпти.

А.Хаитов ишлаб чиқариш қувватлари билан танишар экан, тадбиркорлик фаолиятига янада кенг йўл очилаётгани, Конституциявий комиссияга партия томонидан хусусий бизнес вакиллари манфаатлари ифодаланган кўплаб таклифлар йўлланганини билдирди.

O'zLIDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    600
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+