Хусусий мулк дахлсизлиги кафолатлари янада кучайтирилиши керак

16.06.2022, 16:09

Хусусий мулк дахлсизлиги кафолатлари янада кучайтирилиши керак

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида Ўзбекистоннинг бизнес юритиш, глобал рақобатбардошлик, инновациялар, саноатнинг рақобатбардошлиги индекслари бўйича дунёнинг етакчи 50 та мамлакати қаторидан ўрин эгаллашини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шунингдек, 2030 йилга қадар муносиб ҳақ тўланадиган 10 миллионта янги иш ўрнини яратиш давлатимиз иқтисодий стратегиясининг муҳим йўналишидир.

Бу каби юксак мақсадларга хусусий мулк дахлсизлигини таъминламасдан, уни ҳар қандай тажовузлардан ҳимоя қилмасдан, эришиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Ушбу вазифа эса давлатимиз иқтисодий сиёсатининг энг устувор йўналишидан бирига айланиши керак.

Чунончи, мулкдорлар ўрта синфи, тадбиркорлар ва фермерлар, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга кўмаклашаётган, қўллаб-қувватлаётган, давлат ва жамиятимизнинг мустаҳкам таянчига айланаётган фаол ижтимоий қатлам. Шу боис хусусий сектор манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ғоят муҳимдир.

Айтиш керакки, илғор мамлакатлар иқтисодий юксалиш даражасига хусусий мулк дахлсизлиги, мулк­дорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳи­моясини таъминлаш орқали эришган.  Лекин, шундай бўлса-да, республикамизда тадбиркорларнинг мулкка доир ҳуқуқлари  бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар оз эмас. Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, 2016–2019 йилларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан 6 минг 479 та мулк бузилган.

Бу борада O'zLiDeP тузилмалари, депутатлик гуруҳларига ҳам мулк ҳуқуқлари бузилишига доир мурожаатлар бўлди. Ваҳоланки, мамлакатимизда мулкдорлар ҳуқуқларини таъминловчи қатор қонун ҳужжатлари бор.

Бироқ ҳозирги давр мулк дахлсизлигини таъминлаш, хусусий мулк ҳимоясини кафолатлаш, иқтисодиётда хусусий мулкнинг ўрни ҳамда аҳамиятини янада ошириш, мулкдорнинг ўз мулкига ўзи эркин эгалик қилиши, фойдаланиши, тасарруф этишини амалда таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлашни талаб қиляпти.  

Шу маънода, O'zLiDeP тузилмалари ва депутатлик корпуси аҳолининг тобора кўпроқ қисмини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ҳисобига халқ фаровонлигини оширишни ўзининг устувор вазифаларидан, деб билади.

Ҳар қандай давлатда хусусий мулк ва мулкдор ҳуқуқи ишончли тарзда кафолатланмаса, мулкдорнинг ўз меҳнати самараларига ишончсизлиги ортиб, ташаббускорлиги  сусаяди. Бу эса тадбиркорлик ривожига салбий таъсир кўрсатади. Зеро, ҳар қандай мулкдор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулкининг дахлсизлиги таъминланиши ва ишончли кафолатланишини хоҳлайди. Тадбиркорлик эса мамлакат ривожини ҳаракатлантирувчи қудратли куч ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан, амалдаги Конституциядан қуйидаги норма ўрин олиши мақсадга мувофиқ, деган фикрдамиз: “Ҳеч бир шахс ўз мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмас, мулкни жамоат эҳтиёжлари учун бошқага ўтказиш мажбурий равишда қонунда назарда тутилган истисно ҳолларда ҳамда унга мулкнинг ўрни олдиндан ва тенг миқдорда қопланган тақдирда амалга оширилиши мумкин”.

 Асосий қонунимизга киритилаётган мазкур ўзгартиш, бизнингча,  хусусийлаштириш жараёнларининг ижобий суръатларда боришига, хусусий мулкдорлар синфининг янада ўсиши ва ривожланиши ҳамда миллий иқтисодиётда чуқур институционал ўзгаришларни амалга ошириш жараёнида молиявий ресурслар кўламини кенгайтиришга шарт-шароит яратади. Энг муҳими, хусусийлаштириш жараёнини янги, янада юқори ривожланиш босқичига олиб чиқиш имконини беради.

 Дилшод ШОУМАРОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

 раиси ўринбосари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    362
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+