Асосий қонунимизда хусусий млук дахлсизлигини мустаҳкамлаб қўйиш ўта муҳим

16.06.2022, 16:14

Асосий қонунимизда хусусий млук дахлсизлигини мустаҳкамлаб қўйиш ўта муҳим

Антик дунёнинг машҳур олимларидан бири Пифагор “Хусусий мулки бўлмаган одам беватандир”, деб таъкидлаган эди. Хусусий мулк ҳақида сўз кетар экан, беихтиёр собиқ Иттифоқ давридаги қатағон даврлари ёдга тушади. Одатда қатағон деганда, биз кўпроқ халқимизнинг зиёли қатлами турли хил бўҳтон-у туҳматлар билан ноҳақ қамалгани, отилгани ёхуд сургун қилинганини ҳақида гапирамиз.

Энг ачинарлиси, инсон давлат деб аталмиш машинанинг бор йўғи бир муруввати, деб қаралди. Бундай кезлар “инсон қадри”, деган тушунча ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди.

Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ ҳаётимизга бозор иқтисодиёти тамойиллари жорий қилинар экан, хусусий мулкка бўлган қараш ҳам кескин ўзгарди. Мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси Конституциямизнинг 53-моддасида белгилаб қўйилди.

Мамлакатимиздаги етакчи сиёсий куч – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Дастурида ҳам “Партия нуқтаи назарига кўра, мулк эркинликнинг бош шарти, энг муҳим кафолати, инсоннинг бошқа ҳуқуқлари манбаи, фуқароларнинг ҳимояланиш асосидир” деб таъкидлаб ўтилган.

Айтиш керакки, хусусий мулкнинг давлат томонидан қонунлар билан кафолатланган ҳуқуқий ҳимоясини таъминламасдан туриб, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиётни либераллаштириш қийин кечиши жаҳон амалиётидан яхши маълум.

Ҳалол меҳнат билан эришилган мулк эгаси ўз мулкининг ҳақиқий соҳиби бўлиши, яъни хусусий мулк дахлсиз бўлиши керак. Бу инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг узвий бир қисмидир.

Қонуний йўл, ҳалол меҳнат билан топилган хусусий мулк дахлсизлиги ва унинг кафолатли ҳимояси жамиятимиздаги ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила манфаати учун хизмат қилиши, шубҳасиз. Қолаверса, бундай дахлсизлик ва кафолатли ҳимоя жамият фаровонлиги ҳамда давлат иқтисодиёти реал сектори барқарорлашувини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан сўнгги йилларда тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлаш лозим.

Конституциявий ислоҳотлар жараёни кетаётган айни кунларда хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, мулкдорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг конституциявий кафолатларини кучайтириш, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни шакллантириш чораларини изчил давом эттириш борасидаги кенг кўламли ишларнинг мазмун-моҳиятини акс эттирадиган мезонларни Асосий Қомусимизда мустаҳкамлаб қўйиш ўта муҳим аҳамият касб этади.

Эркин ХОЛМАТОВ,

OzLiDeP Жиззах вилоят кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги

OzLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    663
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+