O’zLiDeP фаоллари “Бухоро Файз текстил” корхонаси фаолияти билан танишдилар

23.06.2022, 16:09

O’zLiDeP фаоллари “Бухоро Файз текстил” корхонаси фаолияти билан танишдилар

Аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадга эришишнинг муҳим воситаси сифатида Ғиждувон тумани "Абдулла Қаҳҳор" МФЙ да фаолият юритган собиқ пойабзал фабрикаси негизида масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Бухоро Файз текстил” корхонаси ташкил этилган. Бу ерда пахта толасини чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот, кийим-кечак ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, лойиҳа икки босқичда амалга оширилмоқда.

O’zLiDeP вилоят ҳамда Ғиждувон туман Кенгашлари масъуллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари мазкур корхона фаолияти билан яқиндан танишиш, корхона ишчи хизматчилари ўртасида O’zLiDeP нинг дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш мақсадида корхонага ташриф буюрдилар.

Корхонанинг 2018-2019 йиллардаги фаолиятига назар ташласак, умумий қиймати  7,6 миллион АҚШ долларига тенг, шундан банк имтиёзли тартибидаги кредит маблағи 4,6 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилган дастлабки босқич — ип-калава тайёрлаш цехида йилига 2 минг 800 тонна йигирилган маҳсулот ишлаб чиқарилган. Эътиборлиси, корхонада 130 нафардан ортиқ киши иш билан таъминланган. Бунда ишлаб чиқарилган ип-калаванинг 80-85 фоизи экспортга йўналтирилган.

Жумладан, 2019 йилда 2 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги ва жорий йилнинг шу кунига қадар 1,2 миллион АҚШ долларилик маҳсулот Хитой давлатига экспорт қилинган. Шунингдек, бу ерда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш, замонавий андозадаги рақобатбардош маҳсулот тайёрлаш мақсадида айни кунда Германия ва Туркия давлатларидан зарур юқори унумли технология ва ускуналар келтириб ўрнатилган.

- 2022 йил охирига қадар фаолиятимизни кенгайтириб яна бир янги  лойиҳани йўлга қўймоқчимиз, - дейди МЧЖ раҳбари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати  Фаррух Тўхтаев. 3 млн 400 минг евро миқдоридаги кредит асосида ташкил этиладиган мазкур лойиҳа ишга тушганда яна қўшимча равишда 120 нафар янги иш ўрни яратилади. У ерда ишлаб чиқариладиган хом бўз маҳсулоти билан ҳам ички бозорни таъминлаб, ҳам экспортга йўналтириш мўлжалланмоқда.

Ўрганиш давомида O’zLiDeP вилоят, туман Кенгаши масъуллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан корхона ишчи ходимлари учун яратилган шарт шароитлар кўздан кечирилди. Улар билан ўтказилган давра суҳбатида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тарғиб қилинди. Хусусан, жорий йилнинг 20 июн куни Президентимиз Ш.Мирзиёв томонидан Конституцион комиссия аъзолари билан бўлган учрашуви чоғида қилган маърузаси, унда кўрсатиб ўтилган асосий йўналишлар ва вазифалар хусусида батафсил тўхталиб ўтилди. Шунингдек, O’zLiDeP  ва унинг  келгусидаги мақсад ва вазифалари, истиқболли лойиҳалари, айниқса ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган партиявий ишланмалар аҳамияти ва уларнинг ҳудудлардаги ижроси юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Шу куни партия сафига янги қабул қилинган корхона ишчи ходимлари аъзолик гувоҳномаларни қабул қилиб олдилар.

  • Кўрилди
    341
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+