Аҳоли бандлигини таъминлашда хусусий секторнинг ўрни (+Фото, видео)

17.06.2017, 19:23

Аҳоли бандлигини таъминлашда хусусий секторнинг ўрни (+Фото, видео)

Тошкент шаҳрида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан бир қатор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамкорлигида “Меҳнат бозори ривожида – давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Таъкидлаш ўринлики, тадбир Президентимизнинг “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланди.

Очиқ мулоқотда тегишли вазирлик ва идоралар, тижорат банклари вакиллари, тажрибали тадбиркорлар ва  ёшлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, фармон бугун мамлакатимиз меҳнат бозоридаги вазият, қолаверса дунёда бандликни таъминлаш борасида мавжуд замонавий услубларни чуқур таҳлил қилиш ва уларни юртимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда жорий этиш нуқтаи назаридан ишлаб чиқилган. Шу боис, ҳам фармонда бандлик масалаларини ҳал қилишда, иш ўринларини яратишда мутлақо янги ёндашувлар ўз аксини топганлиги таъкидланди.

Тадбирда мамлакатимиз иқтисодиётини ислоҳ қилиш ва диверсификациялаш, фаол инвестиция сиёсати юритиш ҳисобига иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш асосида ҳар йили минглаб янги иш ўринлари яратилаётганлиги, бу ўз навбатида ўта долзарб муаммо ҳисобланган аҳоли, авваламбор ёшлар бандлигини таъминлаш имконини бераётганлиги алоҳида тилга олинди.

Бандлик масаласини ҳал қилишда, янги иш ўринларини ташкил этишда бундан кейин ҳам нодавлат, жумладан хусусий сектор етакчи ўринни эгаллаши қайд этилди. Ушбу муҳим масаланинг ечими бевосита мамлакатимизда тадбиркорликка кенг йўл очилиши, инвестицион ва бизнес муҳитнинг ривожланиб бориши билан бевосита боғлиқ эканлигига урғу берилди. Зотан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мамлакатда бандлик масаласини ҳал этилишини доимий равишда айнан мамлакатимизда, хусусан ҳар бир ҳудудда тадбиркорликнинг ривожи, бизнес-муҳитнинг такомиллашиб боришини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Шу туфайли ҳам фармонда Бандлик масаласини ҳал қилишда давлат идоралари ҳамда хусусий сектор ҳамкорлиги масаласига алоҳида урғу қаратилганлиги очиқ мулоқотда ушбу ҳужжатнинг энг муҳим жиҳати сифатида атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари томонидан фармондан кўзланган асосий мақсадлардан бири бу коллеж ҳамда олий ўқув юртларини битириб меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш масаласи эканлиги, уларнинг сони йилига 500 мингдан ортиқ кишини ташкил этиши ҳисобга олинса масаланинг қанчалик долзарб аҳамият касб этишига эътибор қаратилди.

– Ҳақиқатдан ҳам, бугун мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада кўплаб амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Абдуқодир Тошқулов. – Бироқ ютуқларимиз билан бирга айрим камчиликлар, муаммолар ҳам борки, бундан кўз юмиб бўлмайди. Биргина мисол. Хабарингиз бор, парламент қуйи палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳар ойнинг 1-10 кунлари давомида  жойларда бўлиб, аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлмоқда. Ўзаро мулоқотлар давомида эса фуқаролар томонидан берилаётган саволларнинг аксариятини айнан ишга жойлашиш билан боғлиқ муаммолар ташкил этаяпти. Бугун Президентимиз томонидан жойларда олиб борилаётган ислоҳотлардан пировард мақсад – хусусий секторни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш даражасини яхшилашдан иборат. Шу маънода давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур фармон соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни янада тезлаштиради, десак муболаға бўлмайди.  

Тадбир иштирокчилари қабул қилинган Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил қилинганлигини алоҳида эътироф этдилар.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси хусусий секторни ривожлантирмасдан туриб аҳоли бандилигини самарали таъминлаб бўлмайди деган ғояни ҳар доим илгари сурган ва соҳада кўп йиллардан бери ишлаётган мутахассис сифатида бизнинг Ўзбекистонимиз учун бу ҳақиқатдан ҳам энг тўғри йўл деб айта оламан, – дейди Республика аҳоли бандлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази директорининг биринчи ўринбосари Ботир Алимуҳамедов. – Демак, бандлик масаласини ҳал қилишда албатта бир томондан иш берувчи, яъни тадбиркор манфаатини ҳам, иккинчи томондан ишга кираётган ходим манфаатини ҳам эътиборда тутиш лозим бўлади. Айнан мана шу нуқтаи-назардан ёндашилса, иш берувчи ва ишчи муносабатга киришишдан меҳнат муносабатлари деб номланувчи муносабатлар бошланишини эътиборга олсак вазирликнинг Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги сифатида ўзгарганлигининг асосида турган муҳим бир ғояни англаб олиш қийин бўлмайди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари масаласига ёндашувдаги мана шундай фундаментал ёндашув ушбу янги идоранинг олдида турган сифат жиҳатидан мутлақо янги вазифаларнинг мазмун-моҳиятини тушунишга ёрдам беради.

Тадбирда соҳани ривожлантириш борасида илгари сурилаётган янги вазифалар тўғрисида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.

Очиқ мулоқот давомида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан тадбиркор ва ёшларга мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва унда белгиланган устувор вазифалар ҳақида батафсил маълумотлар, кенг тушунчалар берилди.

Ўз навбатида тадбир иштирокчилари ҳам ўзларини қизиқтирган саволлари ва таклифлари билан соҳа вакилларига мурожаат қилдилар, фикрлар билдирилди.

 

Ушбу савол-жавобларнинг айримларига тўхталамиз:

 

Фурқат Қаландаров, хусусий тадбиркор:

Бизнинг корхонамизда юздан ортиқ ишчи доимий меҳнат қилиб келмоқда. Баъзида қисқа муддатли қўшимча шартномалар тузилиши туфайли 1-2 ойга қўшимча ишчи кучи олишга  эҳтиёж сезилади. Лекин қисқа муддатга ишчиларни жалб қилиш жараёни ҳам доимий ишга олинадиганларникидек мураккаб. Ўзи қисқа муддатга олинаётган ишчи бўлса, унининг қоғозларини расмийлаштиришга бир неча кун, баъзида бир ҳафтагача вақт кетиб қолади. Биламан, айрим корхоналар айнан шундай мураккабликлар туфайли бундай ҳолларда ишчиларни ҳужжатини расмийлаштирмасдан ишга жалб қилади. Бу нотўғри деб ўйлайман. Фармон билан шундай ҳолатларни бартараф қилиш борасида ҳам бирор янгилик кўзда тутилганми?

Феруз Султонов, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бош бошқармаси масъул ходими:

– Фармонда бир қатор йўналишлар каби ходимларни қисқа муддатли ишга қабул қилиш масалаларига алоҳида урғу берилган. Сиз кўтарган масала юзасидан ҳам айтиб ўтиш керакки, айнан ушбу фармон қабул қилингандан кейин бир қатор вазирликлар ундан келиб чиқадиган вазифалар борасида тегишли ишларни бошлаб юборган. Қисқа муддатга ишга қабул қилинадиган ходимларни ишга расмийлаштириш бўйича бугунги кунда Адлия вазирлиги томонидан соддалаштирилган тартиб ишлаб чиқилмоқда. Бу тартиб яқин вақтда кучга киради ва қисқа муддатга қабул қилинаётган шахсларни расмийлаштириш тартибини кескин соддалаштиришга хизмат қилади.

Ҳаётхон Қосимов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети магистранти:

– Айни чоғда ёшлар хусусан, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчилари орасида иш излаб юрган йигит-қизларимизнинг аксарияти кўп ҳолларда турли сайтлардан ўзлари учун иш излашади. Тўғри бу сайтлар орқали ўзига мос иш топаётганлар ҳам бор. Лекин, очиғи ҳар доим ҳам бундай сайтларда учраётган таклифларни ишонарли деб бўлмайди. Шу ўринда албатта, информацион технологиялар бугунги куннинг талаби экан, айнан шу йўл билан иш излаётган ёшлар учун бирор ишончли интернет ресурсларни келтира оласизми?

Ботир Алимуҳаммедов, Республика аҳоли бандлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази директорининг биринчи ўринбосари:

– Ҳақиқатдан бугун ёшлар орасида иш излаб юрганларни кўп учратамиз. Уларни бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш борасида вазирлигимиз томонидан ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Агарда бугун ёшларимиз ишсизлик бўйича турли муаммоларга дуч келаётган бўлсалар вазирлигимиз қошида ташкил этилган mehnat.uz сайтидан батафсил маълумотлар олишлари мумкин. Масалан бу иш ўрни қайси корхона, қанақа шароитлари бор ва иш ҳақи тўғрисида тўлиқ маълумотлар оладилар. Шу билан бирга сайт орқали “шахсий ёрдамчи” деган хизмат жорий қилиняпти.

Тадбирда иштирок этган бошқа тадбиркорлар ва ёшлар томонидан кўтарилган саволларга тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан жавоблар қайтарилди.

Тадбир сўнгида Фармоннинг мазмун-моҳиятини тадбиркорлар, олий ўқув юрти ва коллеж битирувчилари ўртасида кенгроқ тушунтириш борасида O‘zLiDePнинг ҳудудларда амалга оширадиган ишлари юзасидан келишиб олинди. Фармондан келиб чиққан ҳолда мавжуд меҳнат қонунчилигига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш борасида тадбиркорлар томонидан тушаётган таклифларни умумлаштириш ва партиянинг парламентдаги фракциясига киритиш борасида қарор қабул қилинди.

 

Download video

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

 171

  • Кўрилди
    2715
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

"Баркамол" БПТ раиси Султонов Аббос2018-05-16 13:42:07

Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислохотлар замирида биринчи галда инсонларнинг маанфатлари кўзда тутилмоқда. Бу эса барчамизни кувонтирмасдан қўймайди. Юрбошимизга мана шундай улкан ишларида зафарлар тилаймиз ва доимио бирга ёнларида бўламиз.


Хасанова Дилфуза Рахимовна Учкуприк Коракул КВП БПТ раиси2018-05-16 10:37:49

Бу карорнинг чикиши биз тадбиркорларнинг муоммоларимизни хал этишни ва камчиликларимизни бартараф этилишининг асоси хисобланади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+