O‘zLiDeP: “Вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилади”

10.10.2023, 14:45

O‘zLiDeP: “Вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилади”

Бугун Тадбиркорлар ва ишбилармон ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда партия томонидан 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Шунингдек, йил якунигача ва 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигига мўлжалланган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Ушбу масалалар бўйича O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов қисқача маълумот бериб ўтди. Таъкидланганидек,  сиёсий куч томонидан ўтган вақт давомида партия электорати бўлган тадбиркор, ишбилармон ва фермерлар манфаатини ҳимоя қилиш, бу борада жойлардаги депутатлик гуруҳлари орқали жамоатчилик назоратини олиб бориш, аҳоли билан ишлаш, уларнинг муаммо, таклифларини ўрганиш ва ечимини топиш ҳамда бошланғич партия ташкилотлари, фахрийлар, ёшлар, хотин-қизлар йўналишида тизимли ишлар қилинди.

Амалга оширилган аниқ мақсадли ва давомли ишлар натижаси ўлароқ, партия сафига хайрихоҳлар сони кундан-кунга ортиб бораётир. Буни бугунги кунда партия аъзолари сони 1 млн 300 мингдан ошганида ҳам кўриш мумкин. Айниқса, шу йилнинг 9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муддатидан илгари бўлиб ўтган сайловда O‘zLiDePнинг фаол иштирок этгани ва эришган катта ютуқларини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Тадбирда эришилган ютуқлар ва амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда ҳали қилиниши лозим бўлган қатор устувор вазифалар, камчиликлар ҳам айтиб ўтилди.

Йиғилишда партиянинг 2023 йилнинг якунигача ва 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигига мўлжалланган режаси ҳамда бу борада амалга ошириладиган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида партиянинг узоқ муддатли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ишчи гуруҳлар шакллантирилди. Унга мувофиқ, бир қатор партиявий лойиҳалар, назорат таҳлил тадбирлари олиб борилиши кўзда тутилган.

Хусусан, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2023-2024 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш доимий диққат марказида бўлади. Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво барқарорлигига эришиш, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш, ишсизлик ва ва камбағалликни қисқартириш, аграр соҳага инвестициялар ва оператив молиявий ресурсларни кенг жалб қилишда партия ва унинг депутатлик гуруҳлари томонидан жамоатчилик назорати олиб борилади.

Айитиш жоизки, стратегияда белгиланган вазифалар ва партия сайловолди дастури ижросини таъминлашга қаратилган “O'zLiDeP пресс клуби”, “Ишбилармон аёл”, “Ёш сиёсатчилар клуби”, “Парламентда ёшлар ўрни”, “Ватандошлик овози” каби 100 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, жойларда ижро этилмоқда.

Мажлисда мазкур вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди, муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташкил топганлигининг 20 йиллиги тадбирларини республика бўйлаб самарали ташкил қилиш борасида ҳам вазифалар белгилаб олинди.

  • Кўрилди
    350
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+