ШҲТ: Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида бирдаммиз!

19.09.2022, 11:02

ШҲТ: Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида бирдаммиз!

ШҲТнинг Самарқанд саммити кўплаб эксперт ва мутахассисларнинг эътиборини тортиш билан бирга эътирофига ҳам сазовор бўлди.

Ўз тараққиётининг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўяётган ШҲТ нинг тўлақонли аъзоси Ўзбекистон қатор долзарб вазифалар юзасидан ташаббус билан чиққани эътиборга молик бўлди.

Саммитда кўплаб глобал масалалар қаторида Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Зеро, озиқ-овқат хавфсизлиги нафақат ШҲТ, балким, бутун дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб вазифалардан биридир. Бугун жаҳоннинг йирик ташкилотлари озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни тақсимлаш бўйича ёндашувни мутлақо ўзгартириш вақти келгани ҳақида бонг урмоқда. Бу борадаги нуқтаи назарни янгилаш даври келди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини масаласи барча давлатларнинг мустақиллиги, ижтимоий-иктисодий ва сиёсий барқарорлигини таъминлаш гарови ҳисобланади. Таассуфки, бу муаммо ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаган.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев мана шундай ғоят долзарб муаммони кўтарди. Ҳақиқатан, мамлакатларимиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчилари, экспорт ва импорт қилувчилари бўлишига қарамасдан, ШҲТ доирасида озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича ҳали жиддий ҳамжиҳатлик йўлга қўйилмаган эди.

Президентимиз мазкур масала ечими борасида ҳам ўзининг узоқни кўзловчи фикрларини баён этди. Унга кўра, “...давлатларимиз салоҳияти ички бозорларни бошоқли экинлар, чорвачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари, асосий озиқ-овқат турлари ҳамда зарур ўғитлар билан мунтазам таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, биз ушбу муаммони глобал даражада ҳал қилишга ҳисса қўшишимиз керак.

Шу муносабат билан Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Ушбу ҳужжатда мавжуд норматив-ҳуқуқий базани яқинлаштириш, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш ва янгиликларни жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни назарда тутиш муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларига, тўғридан-тўғри ўзаро таъминотнинг мувофиқлаштирилган схемаларини шакллантиришга, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, "яшил" ва экспресс-йўлакларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратиш лозим.

Ушбу ҳаётий масалаларни кенг муҳокама қилиш мақсадида келгуси йили Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш таклиф этилди.

Бир сўз билан айтганда ШҲТнинг Самарқанд саммити мамлакатларимизни шу каби долзарб муаммоларни бартараф этиш йўлида ўзаро жипслаштиргани билан янада аҳамиятли бўлди.

Атхам Назирқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    374
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+