Самарқанд саммити йилнинг муҳим сиёсий тадбири сифатида жаҳон ҳамжамиятининг эътиборида бўлди

19.09.2022, 11:08

Самарқанд саммити йилнинг муҳим сиёсий тадбири сифатида жаҳон ҳамжамиятининг эътиборида бўлди

Халқаро муносабатлар тизимида давлатлараро ва кўп томонлама ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берган Самарқанд саммити йилнинг муҳим сиёсий тадбири сифатида жаҳон ҳамжамиятининг эътиборида бўлди.

Дунё халқларининг қарийб ярмини қамраб олган мамлакатларнинг 14 давлат раҳбари ва 10 та халқаро ташкилот раҳбарларини халқаро долзарб масалалар бўйича мулоқотга бирлаштира олгани билан ҳам саммит алоҳида нуфузга эга бўлди.

Саммит давомида стратегик аҳамиятга эга 40 дан ортиқ ҳужжат имзоланб, уларда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш, “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик концепциялари, ишлаб чиқариш технологияларидан фойдаланиш, қайта тикланадиган энергия манбалари, инфратузилмани ривожлантириш, саноат кооперациясини рағбатлантириш, рақамли саводхонликни ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик дастурлари, шунингдек, ҳудудлараро савдони ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси ва юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволашда ҳамкорлик қилиш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинди.

ШҲТ саммитида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Самарқанд бирдамлик ташаббусининг мақсади халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учун барча манфаатдор давлатларни глобал цивилизациялараро мулоқотга жалб этиш, келишилган ёндашув ва ечимларни излаш, ишончни тиклаш, глобал кескинлик, ноаниқлик ва башорат қилиб бўлмайдиган ҳолатларни бартараф этишдан иборат.

Бугунги кунда ушбу мақсадларга эришиш учун мафкуравий кун тартиби ва сиёсий-иқтисодий манфаатлардан ҳоли цивилизациялар ва маданиятлараро муносабатлар ва мулоқотни йўлга қўйиш ягона самарали платформа ҳисобланади. Ўзаро ҳамкорликнинг ушбу формати, шунингдек, маданий, цивилизациявий, миллатлараро, динлараро ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек, маънавий ришталар ва ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш орқали дунё давлатлари ва халқларининг мавжуд қарама-қаршилик ва келишмовчиликларни юмшатиш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Саммитнинг асосий якуний ҳужжати – иштирокчи давлатларнинг энг муҳим минтақавий ва глобал муаммолар бўйича мужассамлашган позицияларини акс эттирувчи Самарқанд декларацияси минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувларни белгилаб берди. Бу ўз навбатида ШҲТнинг халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили, унинг кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали механизми, халқаро кун тартибидаги масалаларни ҳал этишда жиддий ҳамкор сифатидаги нуфузи ошганидан далолат беради.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитини юқори даражада ташкил этилиши билан Ўзбекистон конструктив мулоқотни йўлга қўйиш ва оқилона муросага асосланган ўзаро мақбул ечимларни топишга муҳим ҳисса қўшишга қодир давлат сифатида ўзини намоён қилди. Натижада Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги нуфузи янада юксалиб, дунё мамлакатлари билан халқаро ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилишига  замин яратилди.

Тўлқин Каримов

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    429
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+