“Ишга марҳамат” Мономарказ фаолияти билан танишилди

29.09.2022, 09:57

“Ишга марҳамат” Мономарказ фаолияти билан танишилди

А. Хаитов Косон туманидаги  “Ишга марҳамат” Мономарказида ҳам бўлиб, ўқув машғулотларида қатнашаётган ёшлар билан мулоқот қилди.

- Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 апрелдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш ҳамда меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларига асосан ташкил этилган мономарказимизда 14 та йўналишда касбга тайёрлаш, хорижий тиллар, рақамли технологиялар ва тадбиркорликни ўргатиш курслари ташкил этилган, - дейди Мономарказ Косон филиали директори Шаҳноза Мирзаева. – Ҳар йили сервис ва хизмат кўрсатиш, техник, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологияларни ва хорижий тилни ўргатиш каби йўналишларда 700 нафарга яқин ёшлар ўқитилмоқда. Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан юборилган шахслар учун ўқув машғулотлари бепул ташкил этилаётир.

Чорвачилик бўлимида хориждан келтирилган наслдор молларни парваришлаш, касалликларга қарши эмлаш, сунъий уруғлантириш борасида Туркиядан келган тажрибали мутахассис Руфат Вадем томонидан ўтилаётган машғулотлар маҳаллий ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу ерда иккита гуруҳ ташкил этилган бўлиб, вилоятнинг барча туманларидан келган оилавий тадбиркорлар, чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган ёшлар иштирок этишаяпти. Касби туманидан келган Қобил Саъдуллаевнинг таъкидлашича, кўпчилик тумандошлари хориждан наслдор молларни келтириб, чорвачилик борасидаги билимлари етарли бўлмагани учун сарфлаган маблағларига куйиб қолишмоқда. Чунки қишлоқ одамларида наслдор молларни парваришлаш борасидаги тажриба мутлақо йўқ. Шу боис катта маблағга келтирилган моллар нобуд бўлмоқда. Тингловчилар хорижлик ветеринар сабоқлари ниҳоятда қизиқарли эканлигини, аммо улар фақат дарслар  билан чекланиб қолишаётганлигини  ҳам айтиб ўтишди.

- Президентимизнинг 2022-йил 28-январдаги Фармони билан тасдиқланган “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 198-банди билан “Ишга марҳамат” мономарказ ҳузуридаги “Ўқув-маслаҳат офис”ларига хорижий давлатлардан, жумладан, Россия, Туркия, Япония, Корея, Германиядан хорижий ўқитувчиларни жалб қилиш топшириғи берилган эди, - деди Актам Хаитов. -   “Ишга марҳамат” мономаркази Косон филиалига Туркия давлатидан ҳайвонларга ветеринарлик ишлов бериш оператори йўналишига хорижий мутахассис жалб этилганлиги бу борадаги дастлабки қадамдир. Юқорида таъкидланган бошқа давлатлардан ҳам тажрибали мутахассисларни таклиф этиш борасида амалий ҳаракатларни бошлаш вақти келди. Чорвачилик бўйича туркиялик малакали ветеринар Руфат Эдем томонидан ўтилаётган машғулотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотаётганлиги яхши. Аммо назария билан амалиёт уйғунлаштирилмас экан, чорвачилик борасида сезиларли ютуқларни қўлга киритиш амримаҳол. Чорвачилик ҳамда ветеринария соҳасига қаратилаётган эътибор, иқтисодиётимизни ривожлантиришда, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. 

  Спикер ўринбосари Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят ва туман кенгашлари ҳамда Косон туман ҳокимлиги мутасаддиларига мономарказ тингловчиларининг наслдор моллар боқилаётган вилоятдаги барча чорвачилик фермаларида жаноб Руфат Эдем иштирокида  амалиёт машғулотлари ташкил этиш учун шарт-шароит яратиш, бориб келиш учун транспорт воситаси билан ажратиш борасида кўрсатмалар берди. Нафақат чорвачилик, балки мономарказдаги барча йўналишлар бўйича амалиёт машғулотларини юқори савияда ташкил этиш, уларда воҳанининг энг билимдон ва тажрибали мутахассисларини жалб этиш зарурлиги алоҳида эътироф этилди.

  • Кўрилди
    504
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+