Оҳангарондаги корхонада депутат аёллар билан очиқ мулоқотда бўлди

28.11.2022, 15:16

Оҳангарондаги корхонада депутат аёллар билан очиқ мулоқотда  бўлди

Сўнгги йилларда юртимиз аёллари халқимизнинг, миллатимизнинг олтин фонди, дея эътироф этилиб, уларнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бунинг натижасида хотин-қизлар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, гендер тенгликни таъминлашда олиб борилаётган ишлар кўлами тобора ортиб, опа-сингилларимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеи мустаҳкамланмоқда.

O’zLiDeP ҳам давлатимизнинг ушбу йўналишдаги сиёсатини фаол қўллаб-қувватлаш ишида жонбозлик кўрсатиб келмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Мавлуда Ибрагимова, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Севара Муслимова, партия Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири Диёра Болтаева билан биргаликда Оҳангарон туманидаги “OHANGARON RUSTAM AGRO” кўптармоқли масъулияти чекланган жамиятида бўлишди.

Сабзавотлар, хўл мевалар, парранда ва мол гўшти, сут маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш, асаларичиликка мўлжалланган корхонада бўлган ишчи гуруҳ аъзолари бу ерда меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан очиқ мулоқот қилди. Аёлларга яратиб берилган меҳнат шароитларини кўздан кечиришди. 100 дан ортиқ корхона ишчилари яқин атрофдаги “Увак” ҳамда “Алишер” маҳаллаларидан чиқиб, бу ерда фаолият юритиб келишаётганининг гувоҳи бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Ибрагимова корхонада меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан кечган ўзаро суҳбат асносида бугун юртимизда аёлларга берилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар хусусида фикр юритди. Партия лойиҳалари доирасида қатор ибратли ва хайрли ишлар амалга оширилиши натижасида ижтимоий кўмакка муҳтож, уй-жойсиз, касб-ҳунари йўқ, тиббий ёрдамга эҳтиёжи бўлган, имконияти чекланган опа-сингилларимизга яқиндан кўмаклашиб келинаётгани ҳақида маълумот берди. Шунингдек, партия хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай турига қарши муросасизлик билан курашаётганига ҳам алоҳида тўхталди. Бу саъй-ҳаракатларнинг ҳаммаси юртимизда аёлларга қулайлик, имконият ҳамда ғамхўрликлар яратиб бериш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришни кўзлаганини таъкидлади.

Партия вакили Севара Муслимова эса бугун жамиятимизда илдиз отган аёлларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасизлик руҳини шакллантириш лозимлиги хусусида тўхталаркан, бунда ўғил бола тарбиясида аёл, она, опа, сингилга бўлган ҳурмат маданиятини ошириш кераклигини алоҳида уқтирди. Ватанимизнинг улуғ алломалар бешиги бўлишида авлиёларни дунёга келтириб, тарбиялаган, улуғвор ишларга руҳлантирган фозила аёлларимизнинг жамиятдаги ўрнини юксалтириш ишида барча бирдек масъуллигини таъкидлади. Бугун жойлардаги партия ташкилотлари фаоллари ҳам бу борада хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак бериб келишаётгани ҳақида сўзлади.

Мулоқотда корхонада меҳнат қилаётган хотин-қизлар юртимизда аёлларга берилаётган эътибор туфайли, фаровон турмуш кечиришаётгани, ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқаришлари учун етарли шароитлар мавжудлигини билдириб, ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.

Ўзаро самимий, очиқ мулоқот сўнггида партия сафларида бирлашишни истаган корхона ходимларига партиянинг аъзолик гувоҳномалари, эсдалик совғалари ҳам топширилди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

 бўлим мудири

  • Кўрилди
    565
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+