Вилоят ҳокими ўринбосари ҳисоб берди

08.02.2023, 16:55

Вилоят ҳокими ўринбосари ҳисоб берди

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг йиғилишида Вазирлар Маҳкамасининг “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023-йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 522-сонли қарори ижросини вилоятда таъминланиши юзасидан вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Муродулло Азизовнинг ҳисоботи эшитилди.

 - Вилоят корхоналари ва аҳолини кузги-қишки мавсумда иссиқлик таъминоти, электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, ичимлик сувга бўлган талабини тўлиқ қондириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди, - деди М. Азизов. – Вилоятимизда 739 мингга яқин  истеъмолчилар бўлиб, уларнинг электр таъминотини янада яхшилаш, энергия тежовчи қурилмаларни ўрнатиш борасида тизимли ишлар бажариляпти. 12,5 км ичимлик сув тармоқлари ва 70 дона насос ускуналари мукаммал ҳамда 25,50 км ичимлик сув тармоқлари ва 110 дона насос ускуналари жорий таъмирланди.  

 Президентимизнинг “2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори доирасида вилоятда 30 та объектга 121,4 млрд.сўм маблағ ажратилиб, 26 та иншоот ва 619,8 км ичимлик сув тармоқлари қурилиши натижасида 63,2 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди. Аҳолини ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 43,4 фоиздан 53,6 фоизга  етказилди. Халқ таълимининг 1221 та муассасаларидан 131 таси табиий газ, 30 таси табиий газ ва кўмир, 1057 таси кўмир ва 3 таси марказлашган иссиқлик тизими орқали иситилади. Вилоят ҳудудида жами 2207 та кўп қаватли уйларга 74 та “Бошқарув сервис компаниялари” хизмат кўрсатиб келмоқда. 2123 та кўп қаватли уйлардан 202 таси марказлашган иссиқлик энергияси етказиб берилади.

Йиғилишда O’zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Иброҳим Халилов, вилоят кенгаши раиси ўринбосари Арзиқул Шеров, вилоят кенгаши котибият мудири Нилуфар Ўтаганова ва бошқалар сўзга чиқиб,  воҳадаги барча кўп қаватли уйлар иссиқлик таъминотини қайта йўлга қўйиш, сувга тўлиб, музлаётган ертўлалар тартибга олиш, уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ўрнига савдо дўконлари ва ресторан ҳамда кафелар қуришни тўхтатиш,  анамал совуқ даврида тиббиёт муассасалари ва таълим масканларини иситиш, аҳолини суюлтирилган газ, электр нури ва қаттиқ ёқилғи билан таъминлашда юзага келган муаммоларни бартараф этиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Мазкур ҳисобот юзасидан ўрганишлар олиб борилиб, вилоят кенгаши сессиясига масала киритиш юзасидан қарор қабул қилинди.

  • Кўрилди
    361
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+