Дўстликда фермер ва тадбиркорлар билан мулоқот ташкил этилди

09.02.2023, 16:38

Дўстликда фермер ва тадбиркорлар билан мулоқот ташкил этилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида бўлиб, фермерлар ва тадбиркорлар фаолияти билан танишди.

Дўстлик туманидаги кичик саноат зонасида бўлиб ўтган учрашувда, депутатлар, партия фаоллари, ҳокимлик ва бошқа мутасадди ташкилот вакиллари, фермер ва деҳқон хўжаликларида фаолият олиб бораётган қишлоқ хўжалик ходимлари, томорқа ер эгалари иштирок этдилар.

Дўстлик тумани саноат ва қишлоқ хўжалиги жадал ривожланаётган илғор ҳудудлардан бири ҳисобланади. Айни пайтда туманда турли йўналишларда жами 460 та фермер хўжалиги фаолият олиб бормоқда. Уларнинг фидокорона меҳнати эвазига ҳар йили пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил етиштирилмоқда.

Учрашув давомида аграр тармоқда давом эттирилаётган ислоҳотлар, жумладан соҳада сув таъминотини яхшилаш, сув хўжалиги инфраструктурасини модернизация қилиш, пахтачилик ва ғаллачиликда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, илмий асосда маҳсулот етиштириш, фермер ва деҳқонларимиз манфаатдорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз юритилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, арзон қишлоқ хўжалиги техникларини ишлаб чиқариш, уларни фермер ва деҳқонларимизга имтиёзли шартларда етказиб бериш, субсидиялар ажратиш ва қўшимча молиялаштириш имкониятлари кенгайтирилади. Ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш борасида керакли тавсиялар берилди.

Очиқ ва жонли тарзда ўтган мулоқотлар чоғида, фермер ва деҳқон хўжаликларига етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва қуритиш учун мини технологияларни кенг жорий этиш масаласи айниқса қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу йилги аномал совуқлар бундай ускуналарнинг нақадар зарур эканлигини яна бир бор кўрсатиб берди.

-Бугунги учрашув чоғида фермерларга тавсия қилинган совутгич ва қуритиш ускуналари, кичик маҳсулот сақловчи омборлар қурилиши борасидаги тавсиялар, бу борада фермерларга кўмак учун ажратиладиган имтиёзли кредит ва субсидиялар тўғрисидаги маълумотларни эшитиб, кўпчиликда бу лойиҳаларга катта қизиқиш уйғонди, - дейди “Ортиқбой ота” фермер хўжалиги раҳбари Абдуваҳоб Ёриев.

Мулоқотдан сўнг тадбир иштирокчилари кичик саноат зонасидаги фаол фермерлардан бири – Муртоз Бўтаев томонидан ишга туширилган “Dos Milk” сутни қайта ишлаш корхонаси фаолияти билан танишдилар. Ўтган йили 208 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағи эвазига Европадан келтирилган энг замонавий ускуналар ўрнатилган ҳамда 11 кишининг доимий бандлиги таъминланган мазкур корхонада айни пайтда 12 турдаги сут маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Танишув жараёнида янги лойиҳаларни ишга тушириб, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш истагида бўлган фермерлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши яна бир бор таъкидланди. Фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб бериб ўтилди.

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    574
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+