O‘zLiDeP вакиллари аҳолини референдумда фаол бўлишга чақирди

07.04.2023, 16:28

O‘zLiDeP вакиллари аҳолини референдумда фаол бўлишга чақирди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши ташаббуси билан Бувайда туманида конституциявий қонун лойиҳаси ва референдум ташвиқотига бағишланган тадбир катта тайёргарликда ўтказилди. Мулоқот очиқ осмон остида, 1,5 мингдан ортиқ турли соҳа вакиллари иштирокида бўлди.

Анжуманда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов иштирок этар экан, жумладан шундай деди:

- Конституциямизнинг биринчи моддасидаёқ Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда. Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ортмоқда.

Масалан, ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланмоқда. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади.

Маълумот учун: ўтган йили мамлакатимизда 50 минг оила учун янги квартиралар олишга шароит яратиб берилган бўлса, бу йил 90 минг оилани уй-жойли қилиш марраси олинган. Яқин 2-3 йилда эса бу рақамни 200 мингга етказиш устида ишланмоқда.

Бундан ташқари, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланмоқда.

Аҳоли кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши ҳам лойиҳага киритилган. Умуман, лойиҳада аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилмоқда. Бу аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза этиш ҳамда оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда жуда муҳим аҳамиятга эгадир.

Жорий йилда “Кафолатланган хизматлар пакети” қайта кўриб чиқилиб, унда 20 турдаги касалликлар бўйича диагностика, даволаш ва профилактика хизматлари ҳажми тўлиқ қамраб олинади.

Кўп учрайдиган 20 турдаги касалликлар бўйича бирламчи бўғиндаги бепул анализ турлари – 15 тадан 25 тагача, текширувлар – 10 тадан 20 тагача, дорилар – 64 тадан 90 тага оширилади.

Сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари – М. Хўжаева,  М. Ибрагимова, партия Сўх туман Кенгаши раиси Х. Ёрматов, Фарғона вилояти Кенгаши раиси Р. Камолов ва бошқалар ҳам конституявий қонун лойиҳасининг зарурати ва аҳамияти хусусида тўхталиб ўтишди. Ҳамда барчани бўлажак референдумда лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун овоз беришга чақиришди.

Тадбирнинг куй-қўшиқларга улангани иштирокчиларнинг ўйин-кулгулари ва мароқли ҳордиқ олишига туртки бўлди.

  • Кўрилди
    367
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+