Илм оламан деган ҳар бир инсонга кенг имконият яратиб берилмоқда

10.04.2023, 10:12

Илм оламан деган ҳар бир инсонга кенг имконият яратиб берилмоқда

Олий Мажлис Конунчилик палатаси депутати Ваҳобжон Муродқобиловнинг Самарқанд вилоятида аҳоли билан учрашувлари самарали ўтмоқда. Депутат мулоқотларда аҳолига янгиланаётган Конституциямиз мазмун-моҳияти ҳақида маълумот бермоқда.

Қуйи палата депутати В.Муродқобиловнинг Нарпай тумани “Соҳибкор” МФЙда жойлашган 63-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган учрашувида Бош қомусимиздан ўрин олган нормалар ҳақида маълумот берилди.

—Таълим олиш инсоннинг фундаментал ҳуқуқларидан бири, — дейди В.Муродқобилов ўз нуқтида. — Мамлакатимизда ёшларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топиши йўлида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Илм оламан, билим оламан, деган ҳар бир инсонга кенг имконият яратиб берилмоқда. Масалан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 51-моддасида фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли экани белгилаб қўйилгани айни муддао бўлди.

Учрашувда айтиб ўтилганидек, Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти ҳам кучайтирилмоқда. Бу қоидалар мамлакатимиздаги 685 минг нафардан ортиқ ўқитувчиларнинг профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрўсини янада оширишга хизмат қилади.

Тадбирда сўз олганлар киритилаётган ўзгаришлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдираркан, айниқса, Асосий қонунимизда ногиронлиги бор болажонларга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитларни яратиш кўзда тутилаётганлигини мамнуният билан тилга олишди.

Янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар туфайли иқтидорли ёшлар ўзлари ҳоҳлаган таълим турини танлаши, ўзлари қизиқан соҳада ишлаши мумкинлиги таъкидланди.

Якунда янгиланаётган Конституция бўйича иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.

  • Кўрилди
    249
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+