Устувор мақсадимиз – инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш!

13.06.2023, 18:33

Устувор мақсадимиз – инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш!

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятидаги ишончли вакили Байрамбек Узаков Дўстлик туманида сайловчилар билан учрашди.

Тадбирда O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси Эркин Холматов, маҳаллий кенгаш депутатлари, бошланғич партия ташкилотлари аъзолари, электорат вакиллари, маҳалла аҳли ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.

Ишончли вакил номзоднинг сайловолди дастурида белгилаб берилган бешта стратегик мақсаднинг мазмун-моҳиятини  оддий, самимий руҳда тушунтириб ўтди.

Таъкидлаганидек, Ўзбекистон ўтган даврда катта ва мураккаб йўлни босиб ўтди. Кейинги йилларда бутун жамият, одамлар ҳаёти тубдан ўзгарди. Энг муҳими бу ўзгариш ва янгиликлар ҳар бир хонадонга кириб борди. Юртимиздаги ҳар бир инсон турли соҳаларда эришилган улкан муваффақиятларни ўз ҳаёти, меҳнат фаолияти мисолида теран англаб етмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси йилига 2 фоизга ўсмоқда. 2030 йилга бориб эса бу рақам 40 миллионга етиши тахмин қилинмоқда. Демак, катта салоҳият ва куч-қудратга эга давлатда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, халққа муносиб шароит яратиш учун иқтисодиёт ҳам, бошқарув ҳам, таълим ва тиббиёт ҳам янгича бўлиши, барча соҳаларда ўсиш, ривожланиш бўлиши керак.

Шу маънода, 2030 йилга қадар барча аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлашга жуда катта эътибор қаратилади. Бунинг учун 2,5 миллиард доллар ажратиш бўйича барча молиявий имкониятлар сафарбар этилади. Шунингдек, қишлоқ ва овулларни интернет билан тўлиқ қамраб олиб, унинг тезлигини 10 карра ошириш юзасидан имкониятлар ишга солинади.

Мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириб, иқтисодиётимизга инвестицияларни кенг жалб этиш, шунингдек, банк тизимини ислоҳ қилиш энг асосий вазифаларимиздан бири бўлади.

2030 йилгача 250 миллиард доллар инвестициялар, шу жумладан, 110 миллиард долларни хорижий инвестициялар ҳисобига, 40 миллиард долларни давлат-хусусий шериклик доирасида жалб этиш бўйича барча имкониятлар сафарбар этилади.

Банк тизими ислоҳотлари доирасида банк омонатлари ҳажмини 4 баробарга ошириш учун зарур шароитлар яратилади ва банкларни хусусийлаштириш тезлаштирилади.

Хусусий жамғариб бориладиган пенсия тизимини ташкил этиш учун барча қонуний асослар яратилади.

Учрашувда сўзга чиққанлар Янги Ўзбекистон, бу – аввало инсон қадри улуғланган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча имкониятлар яратилган мамлакат эканлигини қайд этиб, эркин ва фаровон, қудратли давлатни қуришда бешта стратегик йўналиш яқин келажакдаги фаолиятимизда муҳим аҳамиятга эгалигини ва кўпмиллатли халқимизнинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга хизмат қилишини эътироф этишди.

Учрашув сўнггида ишончли вакил барчани Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевга якдиллик билан овоз беришга чақирди.

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    507
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+