Мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришга қаратилган сиёсат изчил давом эттирилади

01.07.2023, 14:55

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришга қаратилган сиёсат изчил давом эттирилади

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати -Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод  Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятидаги ишончли вакили Шуҳрат Аслановнинг Касби тумани сайловчилари билан учрашув юксак кўтаринкилик ва ҳамжиҳатликда бўлиб ўтди. Сўз олган ишончли вакил   номзоднинг ҳаёти, меҳнат фаолият ва сайловолди дастурининг устувор йўналишлари билан таништираркан, бешта устувор мақсаддан иборат   сайловолди дастури халқ фаровонлигини таъминлаш, одамларни ҳаётидан рози қилиш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилганлиги, бугунги кунда жон бошига ойлик даромади 50 доллардан ошмайдиган камбағал аҳоли қатлами 5 миллион нафарни ёки аҳолимизнинг 14 фоизини ташкил этаётганлиги, шундан 3 миллион нафари ёшлар бўлиб, уларнинг меҳнат қобилиятини ишга солиш орқали, камбағалликдан олиб чиқиш – асосий вазифа сифатида эътироф этилаётганлигини айтиб ўтди.  

Камбағалликни қисқартириш борасидаги дастурлар учун ҳар йили 1 миллиард доллар йўналтирилиб, тадбиркорларга “ижтимоий шериклик” асосида айнан камбағал тоифа учун бандлик дастурларини амалга оширишда қўшимча имтиёз ва рағбатлар берилади.  

Бугунги кунда 2 миллион атрофидаги аҳолимиз рўзғорини тебратиш учун, оиласи, ота-онаси ва фарзандларидан узоқда – чет мамлакатларда меҳнат қилмоқда. Мусофир юртда, турли қийинчилик ва машаққатларга чидаб, ҳалол меҳнат қилиб нон топиш – албатта осон эмас. Ўзга юртларда даромад билан бирга тажриба ва малака ҳам орттираётган ана шундай юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташқи меҳнат миграцияси тизими тўлиқ ислоҳ қилинади. Хорижга ишлаш учун бораётган аҳолини касбга ва чет тилларига ўқитиш кўлами кенгайтирилади. Уларга Европа ва Осиёнинг юқори ҳақ тўланадиган мамлакатларига ишга боришлари учун кўмаклашилади. Ўзбекистон фуқароси учун дунёнинг исталган нуқтасидан мамлакатимиздаги давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш имкониятини яратиб берилади. Хорижда мураккаб вазиятга тушиб қолган юртдошларимизга ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш кўламини кенгайтирилади. Токи меҳнат мигрантларимиз ва уларнинг оила аъзолари давлатимиз, халқимизнинг доимий ғамхўрлигида эканлигини ҳис этсин. 

Уларнинг фарзандларининг ўқиши ва олийгоҳларга киришида ҳам енгилликлар берилади. Ҳеч бир ўзбекистонлик хорижда ўз муаммолари билан ёлғиз қолиб кетишларига йўл қўйилмайди.

Мамлакатимизда уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, таълим, тиббиёт ва бошқа давлат хизматларидан тенг ҳуқуқлилик асосида фойдаланиш имкони яратилади.  Хорижда вафот этган юртдошларимизни Ўзбекистонга олиб келиш давлат томонидан таъминланади, фарзандларига алоҳида ғамхўрлик қилинади. Фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари янада кучайтирилиб, оғир аҳволга тушиб қолган  юртдошларимизга хорижий давлатнинг ўзида моддий ёрдам имкониятлари янада кенгайтирилади. Жумладан, уларга вақтинча яшаш, ҳужжатларини тиклаш, она Ватанига қайтиш каби харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.  Бундан ташқари, хорижда ишлаётганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, уларга адвокат жалб этиш харажатларини қоплаш ва ҳуқуқий ёрдам бериш тизими йўлга қўйилади. 

Тадбирда меҳнат фахрийси Жўра Суяров, туман кенгаши “Аёллар қаноти” гуруҳи  раҳбари Гулилайло Тугалова ва бошқалар сўзга чиқиб,  халқ бахти ва маъмурлиги йўлидаги ислоҳотларнинг ташаббускори Шавкат Мирзиёевга овоз  беришга чақирдилар. 

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят

кенгаши Матбуот хизмати.

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    381
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+