Пешку қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади

01.07.2023, 14:55

Пешку қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади

Пешку туманидаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат техникуми мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентлигигиа номзод Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятидаги ишончли вакили Самойдин Хусеновнинг пешкулик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда партиянинг вилоят, туман кенгаши фаоллари, депутатлар, халқ таълими, соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари, меҳнат фахрийлари ҳамда ёшлар вакиллари иштирок этдилар.

Ишончли вакил иштирокида ўтказилган учрашувни партия вилоят Кенгаши раиси Обиджон Хамидов бошлаб берди. С.Хусенов ўз сўзида сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Бухоро вилояти, шу жумладан, Пешку туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қишлоқ ҳудудлари ва маҳаллаларни ободонлаштириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш бўйича бир қатор кўлами кенг ишлар амалга оширилганлигини таъкидлади. Шундан сўнг номзод сайловолди дастуридаги бешта устувор мақсаднинг мазмун-моҳиятини атрофлича шарҳлаб берди.

Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, манфаатларини таъминлаш, тадбиркорликни янада ривожлантириш, хотин-қизларнинг оиладаги ва жамиятдаги ўрнини, нуфузини мустаҳкамлаш, сув ресурсларини тежаш, атроф-муҳит мусаффолигига эришиш, чегараларимиз даҳлсизлиги, халқимиз тинчлигини барқарор сақлаш бўйича белгиланган устувор вазифалар ҳақида сўз борди.

Таъкидланганидек, сайловолди дастурга асосан юртимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотган фермерларга қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизи қайтарилади.

Қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришларига мос ҳолда ривожлантириш, тупроқ ва яйловларда деградациянинг олдини олиш бўйича миллий дастур қабул қилинади. Умуман, аграр соҳага жами 15 млрд. доллар инвестициялар жалб этилади. Буларнинг барчаси ҳеч шубҳасиз, Пешку тумани қишлоқ хўжалигини ривожлантириш имконини бериб, иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда ушбу тизимда амалга оширилган модернизация ишлари, жумладан, кластер тизимини жорий этиш натижасида туманда пахта, ғалла ҳосилдорлиги 25-30 фоизга, мева-сабзавот экспорти эса, 2 баробарга ошди, соҳага 155 миллиард сўмдан ортиқ хусусий инвестиция киритилди. Ўтган икки йилда
1316 гектар унумдор ер майдонлари аҳолига ажратиб берилди. Натижада, 6,9 мингдан зиёд фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Туман қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиб, 2030 йилга қадар, қўшимча 5815 гектар майдон ўзлаштирилади ва уларда интенсив боғ ва узумзорлар ташкил этилади.

Маҳаллий сабзавот, полиз, картошка уруғлик таъминоти 35 фоизга етказилади (ҳозирда 15 фоиз), қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш 7 фоиздан 12 фоизга оширилади. Шунингдек, аграр соҳадаги экспорт ҳажми йиллик 5,7 миллион долларга етказилади (ҳозир 3,1 миллион доллар).

Ишончли вакил, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг  вилоят, туман миқёсида яққол кўзга кўриниб турган самараларига ҳам тўхталар экан, номзодимизнинг сайловолди дастуридан ўрин олган бешта стратегик йўналиш барча жабҳаларда, жумладан иқтисодиётда барқарор ўсишни таъминлашга ва шу асосда одамларимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган.

Учрашувда сўзга чиққан партия Пешкў туман Кенгаши раиси, “Малишояк” МФЙ раиси Санам Жумаева ва бошқалар маҳаллаларда ташкил этилган бешлик тизими ва бу орқали қисқа муддатда эришилган ютуқлар, кластер тизими афзалликлари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига қаратилаётган эътибор, касаначилик, оилавий тадбиркорлик соҳасида эришилган ютуқлар  хусусида ўз фикр мулоҳазаларини билдирдилар.

 Учрашув якунида ишончли вакил барчани Янги Ўзбекистонни барпо этишга ўз ҳаётини бағишлаган фидойи инсон, O'zLiDePдан Президентликка кўрсатилган номзод Шавкат Миромонович  Мирзиёевга овоз беришга чақирди.

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    379
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+