Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги сайловчилар билан учрашув ўтказди

07.07.2023, 19:27

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги сайловчилар билан учрашув ўтказди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 7 июль куни Тошкент вилоятидаги сайловчилар билан учрашув ўтказди.

Учрашувни номзоднинг Тошкент вилояти бўйича ишончли вакили Сайёра Файзиева очиб, Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида салмоқли ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини эътироф этди.

Хусусан, сўнгги олти ярим йилда металлургия, электротехника, тўқимачилик, кимё, фармацевтика, машинасозлик каби “драйвер” соҳаларда 15 та мега, 650 га яқин йирик ва ўрта, 3 мингта кичик саноат лойиҳалари ишга туширилди. 600 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Экспорт ҳажми 2,5 марта кўпайиб, 2 миллиард доллардан ошди. Буларнинг натижасида ўтган давр мобайнида вилоят иқтисодиёти 1,4 баробар ўсиб, қарийб 100 триллион сўмга етди.

Учрашувда ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар ҳам таъкидлаб ўтилди. Жумладан, вилоятда мактабгача таълим қамрови 26 фоиздан 68 фоизга етди, қўшимча 52 минг ўқувчи ўрни яратилди. 12 та янги тиббиёт муассасаси иш бошлади. Бирламчи тиббиёт муассасалари 182 тадан 277 тага кўпайиб, тиббий хизмат сифати оширилди. Бундан ташқари, 300 дан ортиқ маҳалладаги 3 минг километр ички йўллар ҳамда 104 та кўприк қурилди ва таъмирланди. Шунингдек, 3 минг 300 километр электр тармоқлари, 950 та трансформатор янгиланиб, 200 мингга яқин аҳолининг электр таъминоти яхшиланди.

Сўнгра номзод сайловчиларни Тошкент вилоятини келгуси етти йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича стратегик режалари билан таништирди.

Аввало, аҳолига муносиб шароит яратиш йўналишида 1 мингдан зиёд боғчалар очиш ва 100 минг ўқувчи ўрни яратиш, 16 та замонавий тиббиёт муассасаси ҳамда 4 та перинатал марказлар ташкил этиш режалаштирилган.

Вилоятнинг 350 дан зиёд маҳалласида 4 минг километр ички йўллар ва 100 дан зиёд кўприклар қуриш, 5 минг километрдан зиёд электр тармоқлари ва 1 минг 400 та трансформаторни янгилаш, ичимлик суви ва оқова тармоқларини таъмирлаш амалга оширилади. 2024 йилдан Бекобод, Хўжакент ва Ангрен йўналишларини пойтахт билан боғлайдиган 10 та электропоезд ҳаракати йўлга қўйилади.

Номзод томонидан вилоят иқтисодиётини янада ривожлантириш борасида режалар ҳам қайд этилди. Унга кўра, Олмалиқ ва Оҳангарон шаҳарларида – мис саноати кластерини ривожлантириш орқали мис маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 2030 йилга қадар 2 карра кўпайтирилади. Кореялик ҳамкорлар билан 1,5 миллиард доллар инвестиция ҳисобига 50 гектар майдонда юқори технологиялар технопарки ташкил қилинади ва электроника, ярим ўтказгичлар, микросхемалар ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилади. Чирчиқ шаҳри чинакам инновацион кимё саноати кластерига айланиб, “Химград” ҳудудида қиймати 300 миллион долларлик 23 та лойиҳа амалга оширилади. Ангрендаги қурилиш материаллари кластерида 1 миллиард доллар қийматидаги 40 та лойиҳа ишга туширилади.

Вилоятдаги саноатлашув даражаси юқори бўлмаган туманлар алоҳида ёндашувлар асосида ривожлантирилади. Бунда, Бекобод ва Пискент туманлари – озиқ-оқат саноатига, Бўка – тўқимачилик саноатига ихтисослашади.

Туризмни ривожлантириш устувор аҳамиятга эга бўлиб қолиши таъкидланди. Хусусан, Бўстонлиқдаги “Чорвоқ” туризм зонасида
700 миллион доллар инвестиция ҳисобига 20 минг ўринли 100 та меҳмонхона ишга туширилади, “Чимён – Билдирсой – Нанай” курорт ҳудудида франциялик инвесторлар билан бирга 200 миллион долларлик туризм комплекси барпо этилади.

Номзоднинг дастуридаги режаларни рўёбга чиқариш учун алоҳида дастур қабул қилиниши ва бунга жами 35 миллиард доллар йўналтирилиши таъкидланди.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда қурилиш кўламини кенгайтириш мақсадида ушбу соҳасини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Аввало, 1 миллион хонадонли уй-жойлар қуриш бўйича катта марра белгилаб олинди. Шу боис, уй-жой қуриш учун республика бўйича 2 минг гектар ер участкалари таклиф қилинади. Хусусан, Тошкент вилоятида бу мақсадлар учун 350 гектар ер ажратилади. Ушбу ер майдонларида уй-жой барпо этаётган қурувчилар икки йил давомида ер солиғидан озод қилинади. Бунинг ҳисобига қурилиш корхоналари ихтиёрида камида 2 триллион сўм маблағ қолади.

Ихтисослашган йирик қурилиш кластерлари сони ҳозирги 30 тадан камида 60 тага етказилади, салоҳиятли қурувчиларга махсус техникалар ва айланма маблағ учун 1 миллиард доллар ресурс ажратилади. Юртимизда ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш материаллари ва махсус техникалар учун божхона имтиёзлари 2030 йилгача узайтирилади. Бундан ташқари, аҳолининг кредит тўловларини қайтаришга йўналтирилган маблағлари даромад солиғидан озод қилинади. “Менинг биринчи уйим” дастури доирасида вилоятларда камида 100 минг оилага мўлжалланган ижтимоий уйлар барпо этилади.

Шу билан бирга, йил якунигача 50 йил олдин қурилган уйларнинг жорий ҳолати, жумладан зилзилага чидамли эканлиги тўлиқ ўрганилади, аҳоли зич бўлган ҳудудларда “бўйига ўстириш” тамойили асосида эски 2-3 қаватли уйлар ўрнида етти қаватдан юқори замонавий уй-жойлар барпо этилади. Бунда, реновация дастурлари фақат ва фақат фуқароларнинг розилиги ва кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиниши қайд этилди.

Номзод аҳоли пунктларининг “бош режа”ларини тузиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, 2025 йилга қадар 25 та шаҳарнинг, 2030 йилгача эса барча аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқишни тўлиқ якунлаш бўйича режалар белгилаб олинди. Бунда “Бош режа”ларни ишлаб чиқиш жараёнлари аҳоли ва тадбиркорлар учун очиқ-ошкора ва шаффоф бўлиши, бунинг учун, алоҳида портал ишга туширилиб, уларнинг ташаббус ва таклифлари албатта инобатга олиниши таъкидланди.

Бундан ташқари, қурилиш ишларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири бўлиб қолиши,  энг аввало, Япония, Корея, Буюк Британия, АҚШ давлатларининг бино-иншоотлар бўйича қурилиш хавфсизлиги меъёрлари асосида янги стандартлар жорий қилиниши, соҳадаги кадрларни тайерлаш тизими қайта кўриб чиқилиши қайд этилди.

Умуман, келгуси етти йилда уй-жой қурилиши ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш бўйича ташаббусларни амалга ошириш учун
50 миллиард доллар йўналтирилиши маълум қилинди.

Учрашув сўнгида вилоят фаоллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидладилар.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    858
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+