Депутат зоминлик ногиронлиги бор ёшларга амалий ёрдам кўрсатди

18.07.2023, 10:18

Депутат зоминлик ногиронлиги бор ёшларга амалий ёрдам кўрсатди

Маълумки, ёшларга бўлган эътибор мамлакатимизда давлат сиёсатининг устивор йўналишларидан бирига айланган. Айни пайтда юртимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 19 миллиондан ортиқ ёки аҳолининг 55 фоизини ташкил қилади. Маълумотларга қараганда, меҳнат бозорига ҳар йили 600 минг ёшлар кириб келмоқда. Яқин ўн йилда бу рақам 1 миллионга  етиши кутилмоқда.

Бу эса ёшларга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга янада катта эътибор қаратиш лозимлигини англатади. Чунки, замонавий илм-фан асосларини ўзлаштирган, энг илғор технологияларини мукаммал ўрганган йигит-қизларгина, рақобат кундан кун кучайиб бораётган меҳнат бозорида ўз ўринларини топиб кета оладилар.

Айни пайтда бу борадаги ишларни аниқ ва манзилли ташкил этиш мақсадида юртимиздаги 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 9 миллион нафар ўғил-қиз, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ёшлар алоҳида эътиборга олинган.

Эътиборли томони, жойларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларда маҳаллий кенгашлардаги маслакдош депутатларимиз ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатмоқда.

Бой ҳаётий ва сиёсий тажрибага эга ана шундай маслакдошларимиздан бири – халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати Эркин Холматов ўзи сайланган 36-“Навоий” сайлов округи ҳудудидаги Навоий, “Гулшан” ҚФЙ, “Нурликент”, “Қўштол”, “Ёшлик” ва “Пешағор” МФЙларда истиқомат қилаётган ёшлар билан мунтазам мулоқотда бўлиб, уларнинг қувончи ташвиши билан ҳамнафас бўлиб келаётган халқ ноибларидан бири.

Яқинда депутат бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан маҳаллаларда хонадонма хонадон юриб, мазкур маҳаллаларда истиқомат қилувчи ногиронлиги бор ёшларнинг ҳаёти, муаммолари, қизиқишлари ўрганилди. Мулоқотлар чоғида ёшлар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар умумлаштирилди, муаммоли масалалар юзасидан қилинган мурожаатлар алоҳида депутатлик назоратига олинди.

Ўрганишлар чоғида гарчи ногиронлиги бўлса-да, касб ўрганиб, ўзларини ўзлари бандлигини таъминлашга уринаётган ва ҳалол меҳнати билан атрофдагиларга ҳам кўмагим тегсин, деб яшаётган йигит-қизлар билан мулоқотлар қизғин тус олди.

Улардан бири - “Навоий” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи II-гуруҳ ногирони Гулнора Раҳматова тикувчилик билан шуғулланар экан. Қисқа мулоқот чоғидаёқ, қийинчиликлардан чўчимайдиган, нолиб эмас, интилиб яшаётган  меҳнаткаш бу қиз кўпчиликнинг меҳрини қозониб улгурди. Унинг эски тикув машинкаси ўрнига янгиси олиб бериладиган бўлди.  Албатта, битта тикув машинкаси олиб бериш билан иш битмайди. Шу сабабли, депутат, маҳалла фаоллари билан биргаликда Гулноранинг тикувчилик касби билан шуғулланиб, даромад топиши учун зарур бўлган бошқа чора-тадбирларни амалга оширишга ҳам келишиб олишди.

II-гуруҳ ногиронлари - Амирбек Қайсаров ва Мирҳаёт Ҳакимовлар эса ўзлари қизиққан ахборот технологиялари соҳаси билан шуғулланиш имконига эга бўлишди. Уларга депутат томонидан замонавий ноутбуклар тақдим қилинди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан маҳалладаги “қизил рўйхат”га киритилган ёшлар истиқомат қилувчи хонадонларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам тарқатилди.

Холбек АСАТОВ,

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши Сийсий таълим ва депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    450
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+