Кегейлилик ишбилармон аёллар аниқланди

20.07.2023, 09:54

Кегейлилик ишбилармон аёллар аниқланди

Ҳар йили анъанавий  тарзда ўтказиб  келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман босқичлари ҳудудларда  давом этмоқда.

O‘zLiDeP Кегейли туман кенгаши томонидан “Ишбилармон аёл  – 2023” кўрик-танловининг туман  босқичида шу ерда фаолият юритаётган 20 га яқин тадбиркор, фермер ва ҳунарманд хотин-қиз ўзлари тайёрлаган маҳсулотлар билан иштирок этди.

Танловни ўтказишдан мақсад эса мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, сиёсий жараёнлар туб мазмун-моҳиятини кенг тарғибот-ташвиқот қилиш, юртимиз иқтисодиёти, кичик бизнес ва хусусий секторнинг ривожланишида фаол иштирок этаётган шижоатли, ташаббускор хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг Ватанимиз келажаги йўлидаги интилиши, изланишларидаги фаол иштирокини рағбатлантириш туфайли бугуннинг замонавий  тадбиркор аёл  қиёфасини яратишдан иборатдир.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари танлов доирасида 20 га яқин тадбиркор, фермер ва ҳунарманд хотин-қизлар фаолияти билан яқиндан танишиб, уларнинг шу даврга қадар эришган ютуқлари,  имкониятлари  ва келгуси режалари билан ўртоқлашди.

 – Иш бошлаганимизга ҳали кўп вақт бўлгани йўқ, – дейди  “Сарбиназ миллий кийимлари” МЧЖ раҳбари Сарбиназ Атаниязова. – Асосан  қорақалпоқ  халқининг миллий кийимлари бўлган кўк кўйлак, саўкеле, қуроқ кўрпачалар, дўппи ва либослар буюртма асосида  тайёрланади. Корхонамизда ҳозир 5  нафар қиз доимий иш билан таъминланган. “Халқ банк”идан 33 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, қўшимча  тикув машиналари харид қилдик. Маҳсулотларимиз ички бозорда ўз харидорига эга. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириб, янги иш ўринлари яратиш ниятидамиз.

Танлов  якунида  ҳакамлар  ҳайъати  аъзолари томонидан  3-ўрин – якка тартибдаги  тадбиркор Дилбар Сейтниязовага, 2-ўрин – “Аллаяр Мухамедяр” МЧЖ раҳбари Гулчеҳра Жуманазаровага, фахрли 1 ўрин – “Сарбиназ миллий кийимлари” МЧЖ раҳбари Сарбиназ Атаниязовага берилди.

Ғолиб бўлган иштирокчилар танловнинг Қорақалпоғистон  Республикаси босқичига қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди. Бундан ташқари бешта номинация бўйича ҳам хотин-қизлар рағбатлантирилди. Жойларда танловнинг туман босқичлари давом этмоқда.

Жамила ЕГАМБЕРГЕНОВА,

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши

“Аёллар қаноти” бўлим мудири

  • Кўрилди
    388
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+