Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатларининг тарихий саммити

21.07.2023, 10:04

Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатларининг тарихий саммити

Ўзбекистон ташқи сиёсатининг сўнгги йилларда эришган муҳим ютуқларидан бири ташқи сиёсий алоқаларнинг сезиларли даражада  кенгайганидир. Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ўзаро муносабатлар бунинг мисоли бўлиб, бунда ўзаро мулоқотнинг сезиларли ривожлангани кузатилади. Иқтисодий ҳамкорлик, айниқса, энергетика ва нефть-кимё соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш йўлида самарали ишлар қилинмоқда. Бугунги кунда “ACWA Power” компанияси билан жами 2 миллиард 600 миллион долларлик йирик энергетика лойиҳалари амалга оширилмоқда. Кимё тармоғида “SABIC” компанияси билан ҳамкорлик ўрнатилган. 

Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 17-18 августда Подшоҳликка амалга оширган тарихий ташрифи икки ёқлама алоқа ривожланиши ва мустаҳкамланишига улкан ҳисса қўшди. Унинг якунида кўплаб ҳужжатлар имзоланди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш, бир-бирларини мунтазам қўллаб-қувватлашга келишилди. 

Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё - Кўрфаз араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммитда иштирок этиш учун жорий йил 18-19 июль кунлари Жидда шаҳрида бўлди. Унда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Саудия Арабистони Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Шайх Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум, Қувайт Давлати Амири ўринбосари, Валиаҳди шайх Мишъал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ, Ўмон Султонлиги Бош вазири ўринбосари Асад бин Ториқ ал-Саид, Баҳрайн Подшоҳининг махсус вакили Шайх Носир бин Ҳамад Ал Халифа ҳамда Кенгаш бош котиби Жасим Муҳаммад ал-Будайвий ҳам қатнашди.

Президентимиз ўз нутқида Марказий Осиё ва Кўрфаз минтақаси халқлари ўртасидаги муносабатлар тарихи узоқ эканини, яқин савдо алоқалари, муштарак қадрият ва анъаналар, муқаддас ислом динимиз уларнинг асосини ташкил этишини алоҳида таъкидлади.

Мовароуннаҳр ва Арабистон диёрлари ўртасидаги тарихий алоқаларни ривожлантиришда буюк мутафаккир ва аллома боболаримизнинг беқиёс хизматлари борлиги қайд этилди. “Барча муҳаддисларнинг пешвоси” – улуғ аллома Имом Бухорий ана шундай сиймолардан биридир.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, мусулмон дунёсидаги олтита буюк муҳаддиснинг икки нафари минтақамизда туғилиб камол топган, қадимий Бухоро эса “Қуббатул Ислом” номи билан шуҳрат қозонган. Маълумки, тўққизинчи аср бошида Аббосийлар давлатининг пойтахтидаги “Донишмандлар уйи” академияси Марказий Осиёлик 200 дан ортиқ алломалар илмий фаолият олиб борганлар. Мусо Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино каби улуғ алломаларимиз эса бебаҳо илмий асарларини айнан гўзал ва мукаммал араб тилида яратиб, бутун дунёда шон-шуҳрат қозонганлар.

Ҳозирги вазиятга баҳо берар экан, мамлакатимиз етакчиси бугунги хавф-хатарларга қарамай, иккала минтақа ҳам тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт макони бўлиб келаётганини таъкидлади. Айни пайтда Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатлари бир-бирларига ишончли ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида қарамоқда.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг Кўрфаз мамлакатлари билан алоқалари янги босқичга кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари минтақаларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорликни бир қатор йўналишларда кенгайтиришни таклиф этди. Бизнингча, юқори технологиялар ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорлик эътиборни тортади. Инновациялар, “сунъий” интеллект, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, “ақлли қишлоқ хўжалиги”, нано ва биотехнологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик платформалари ва ишчи механизмларини яратиш зарурлиги қайд этилди. Бизнес вакиллари иштирокида Қўшма инвесторлар кенгашини таъсис этиш ва унинг дастлабки йиғилишини Самарқандда ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Савдо ва транспорт боғлиқлигини кучайтириш тадбиркорлар орасида кенг резонансга сабаб бўлди. Кўрфаз давлатлари билан эркин савдо режимини жорий этиш, техник регламентларни уйғунлаштириш ва электрон тижоратни ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида Қўшма баёнот қабул қилинди.  Саммит иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги навбатдаги олий даражадаги учрашувни Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифини қўллаб-қувватладилар.

Умуман олганда, “Марказий Осиё - Кўрфаз араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги давлатлар раҳбарларининг саммити стратегик мулоқотнинг янги фомати шаклланнаётганини кўрсатди. Мазкур стратегик мулоқот Кўрфаздаги араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари ўртасидаги ҳамкорлик сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик ва савдо соҳаларидаги муштарак тараққиётни таъминлаш учун муҳим аҳамият касб этишини англаш, мавжуд алоқаларни барча соҳаларда янада кенгайтириш истагига асосланади. Мазкур жараён турли соҳада ҳар бир давлатнинг ўзига хос хусусиятидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришни кўзда тутади.

Актам ХАИТОВ,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    438
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+