Халқ депутатлари Мирзаобод тумани Кенгашининг сессиясида қатор масалалар муҳокама қилинди

23.08.2023, 14:56

Халқ депутатлари Мирзаобод тумани Кенгашининг сессиясида қатор масалалар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 22 август куни Халқ депутатлари Мирзаобод тумани Кенгашининг 70-сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари Актам Хаитов, Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, туман сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, сиёсий партиялар раҳбарлари, жамоат ва бошқа ташкилот раҳбарлари, МФЙ раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари, профилактика инспекторлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессия кун тартибига кўра 5 та муҳим масала, хусусан, қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, саноат ва тадбиркрликни ривожлантириш, жорий ўқув йилига тайёргарлик кўриш, ёшлар билан ишлаш, аҳолини тадбиркорлик қилиши учун ажратилаётган кредит ва субсидиялар, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Биринчи масала юзасидан Мирзаобод тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари А.Арзиев ахборот берди. Таъкидланганидек, туманида қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш борасида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда тизимли иш олиб борилмоқда.

Бугунги кунда туманда жами 67.2 минг.гектар ер майдонлари мавжуд бўлиб, шундан 32.721 минг.гектар ер майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган суғориладиган ерларни ташкил қилади. Суғориладиган ерларнинг 7,5 минг.гектарида пахта, 4,0 минг.гектар ғалла, 2,9 минг.гектар чорвачилик ерлари, 926 гектар боғ, ток, тутзорлар ва 1.4 минг.гектар бошқа экинларни ташкил қилади.

Пахтачилик бўйича ўтган йилда 7.5 минг.гектар майдонда чигит экилиб, 26,2 минг тонна ҳосил етиштирилган бўлса, ғаллачиликда жорий йил ҳосили учун 3.5 минг гектар майдонда бошоқли дон экилиб, 22,4 минг.тонна дон етиштирилди. Шунингдек, чорвачилик, паррандачиликни ривожлантириш ва гўшт маҳсулотларини етиштириш борасида ҳам салмоқли ишлар олиб борилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Бундан ташқари 1127 гектар кам ҳосилли пахта–ғалладан бўшаган ер майдонлари 1711 нафар “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтари”да рўйхатда турганлар ҳамда ишсиз фуқароларга очиқ электрон танлов орқали ажратиб берилган бўлиб, қолган 203 гектар ер майдонлар очиқ электрон платформасида қўйлган.

Яна бир муҳим масала, жорий йилда ғалладан бўшаган 2500 гектар ер майдонларга такрорий экин экиш ишлари амалга оширилди. Тумандаги 2600 та фуқароларга такрорий экин экиш учун 2500 гектар ер ажратиб берилди.

Умуман олганда, қишлоқ хўжалик йўналишида 2023 йилда жами 3376 нафар фуқароларнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунгача 2940 нафар аҳоли бандлигини таъминланди.

Сессияда кейинги яна бир муҳим Мирзаобод туманида саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш масаласи юзасидан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Хатамовнинг ахбороти тингланди.

Таъкидланганидек, туманда 2023 йилнинг январ–июл ойларида фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари томонидан 302,6 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишига эришилган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 105,3 фоизни ташкил этди Шундан 127,7 млрд. сўм ёки умумий ҳажмнинг 42,2 фоизни кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган саноат маҳсулоти ташкил қилади. Туманда 24 та хорижий инвестициялар ва сармоялар иштирокидаги корхоналар фаолият юритмоқда.

Жорий йилнинг шу даврига қадар саноат ишлаб чиқариш 302,6 млрд. сўмга, ўсиш 105,3 фоизга, аҳоли жон бошига нисбатан 6,9 млн. сўмга бажарилган. Туманда тижорат банклари томонидан биринчи ярим йилликда барча соҳаларга берилган кредитлар 36,1 млрд. сўмни ташкил этди. Шундан, кичик бизнес субъектлари ва аҳоли тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида йил бошидан буён 16,1 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Тадбиркорларга ажратилган кредитларнинг 188,0 млн.сўми саноат ва ишлаб чиқаришга, 3,2 млрд.сўми қишлоқ хўжалигига, 12,7 млрд.сўми хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналтирилди.

Ҳоким ёрдамчилари томонидан олти ой давомида 5400 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 997 та лойиҳаларга 18,0 млрд.сўмлик шундан, ёш тадбиркорлар учун 5,4 млрд.сўмлик (299 нафарга), аёл тадбиркорлар учун 6,3 млрд.сўмлик (348 нафарга) кредит маблағлари ажратилди.

Ўтган ярим йилликда ажратилган кредитларни 466 таси 5,6 млрд.сўм хотин-қизлар тадбиркорлиги учун, 336 таси 6,6 млрд.сўми ёшлар тадбиркорлиги учун ажратилган кредит маблағларига тўғри келади. Ушбу ажратилган кредитлар устувор равишда “Аёллар дафтари”да, “Ёшлар дафтари”да, “Темир дафтар”да турадиган ишсиз фуқароларга йўналтирилмоқда.

Сессияда 2023-2024 ўқув йилига тайёргарлик кўриш, ёшлар муаммоларининг ҳал этилишига кўмаклашиш, ёш авлоднинг истеъдоди ва қобилиятини ривожлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратиш, ҳоким ёрдамчилари томонидан ажратилган субсидия ва кредитларнинг мақсадли сарфланиши ҳамда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ҳавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ахборотлари ҳам тингланди.

Сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан депутатларнинг саволлларига масъулларнинг жавоблари тингланди, соҳада йўл қўйилган камчиликлар юзасидан мухокамалар олиб борилди, уларни бартараф этиш юзасидан сессиянинг тегишли қарори қабул қилинди.

  • Кўрилди
    270
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+