Тадбиркорлик борасидаги O'zLiDeP ғояларининг ҳаётий ва халқчиллиги амалда тасдиғини топяпти

23.08.2023, 16:41

Тадбиркорлик борасидаги O'zLiDeP ғояларининг  ҳаётий  ва  халқчиллиги  амалда  тасдиғини топяпти

Ўтган ҳафтада Президентимизнинг  тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти ушбу йилда бўлиб ўтган жуда муҳим, алоҳида эътиборга лойиқ тадбирлардан бири сифатида юртимиз солномасидан жой олди. Янги Ўзбекистонда  яхши, хайрли анъанага айланган бундай учрашувлар тадбиркорлик муҳити яхшиланиши баробарида тадбиркорларнинг ўз фаолиятига ёндашуви ўзгаришига ҳам туртки беряпти. Аввалги очиқ мулоқотларга тайёргарлик давомида кўтарилган масалаларнинг 80 фоизи индивидуал хусусиятга эга бўлса, бу сафар тадбиркорларимизнинг 70 фоизи тизимли муаммоларни ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда ечимлари билан таклиф қилишмоқда. Яъни, эндиликда тадбиркорлар фақат ўзлари дуч келаётган қийинчиликлар билан ўралашиб қолмай, масалага  кенгроқ назар ташлашяпти, кенгроқ миқёсда фикрлашяпти. Ислоҳотлар жараёнининг  фаол қатнашчиси, ўз истиқболини ўзи бунёд этишга интилувчи шахслар эканликларини намоён қилишяпти.

Умуман олганда, бизнингча,  давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлик бўйича олиб бораётган оқилона сиёсати, бизнес вакилларининг ҳар томонлама рағбатлантирилиши – O'zLiDeP илгари сурган ва изчил тарғиб этаётган ғояларнинг рўёбга чиқаётгани –  халқимизда янгича дунёқараш, таъбир жоиз бўлса, тадбиркорлик мафкурасини шакллантирди. Эндиликда ҳаттоки боқимандалик кайфиятида юрганлар ҳам айнан тадбиркорлик орқали,  ўз билими, меҳнати, саъй-ҳаракатлари эвазига ўзи ва оиласини боқиши,  жамиятга  ҳам  катта наф келтириши мумкинлигини англаб етяпти ва амалий ишларга қўл уряпти.  

Учрашув давомида давлатимиз раҳбари ишбилармонларимиз мушкулини осон этувчи, муайян масалалар ечимига қаратилган 30 дан ортиқ ташаббусни илгари сурди. Таклиф қилинаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар хусусий бизнес вакилларининг хоҳиш-истаклари, орзу-умидларини тўла-тўкис ифода  этаётгани  билан ғоят  аҳамиятли.  Хусусан, мулоқотда солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, солиқ идораларининг тадбиркорлик фаолиятига ёндашувлари бутунлай ўзгартирилиши таъкидланди. Масалан,  ҳозир тадбиркорларни хавф гуруҳига киритиш тизими ёпиқ бўлиб, интизомли солиқ тўловчилар ҳам қайсидир  ҳамкори  қачонлардир  хато қилган  бўлса,  унинг учун ҳам жавоб бермоқда. Ўтказилган сўровларда қўшилган қиймат солиғи тўловчиларнинг 70 фоизи ушбу солиқни қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш, яъни “tax gap” тизими адолатсиз эканини билдирган.  Солиқ тизимидаги коррупция билан боғлиқ шикоятлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани ҳам айнан “tax gap” билан боғлиқ эканлиги айтилган. Шу боис, 1 октябрдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғини  қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиёти, яъни “tax gap” тизими бекор қилинади.

 Яна бир бора қайд этишни истардикки, шу ва бошқа талай  янгиланишлар ҳам O`zLiDeP – мулкдорларнинг ўрта синфи, хусусий  бизнес вакиллари, ўзининг тадбиркорлиги эвазига халқ фаровонлигини оширишга  интилувчи  барча  фуқароларнинг манфаатларини ифодаловчи сиёсий кучнинг дастурий ғоялари, мақсадларига мос ва ҳамоҳанг. Хусусан, партиямиз нуқтаи назарига кўра, “...хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес тараққиётига тўлиқ эркинлик бериш – мамлакат иқтисодий тизимини либераллаштиришнинг энг муҳим йўналиши”.  O'zLiDeP тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари  ҳимоясини янада кучайтириш, бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш соҳасида давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражасига ўтилишини  мамлакат динамик ривожланишининг  зарурий шарти, деб билади.  Партиянинг бош вазифаси иқтисодиётнинг энг муҳим тузилмавий сектори бўлган, ички бозорни зарур товарлар ва хизматлар билан тўлдирувчи хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес ва фермерлик ҳаракатига имтиёз ва преференциялар бериш бўлиб қоляпти.

Батафсилроқ таҳил қиладиган бўлсак, партия вазифалари орасида тадбиркорлик  субъектларининг  халқаро  ишбилармонлик  ҳамжамиятига  интеграцияси, мамлакат корхоналари маҳсулотининг ташқи бозорларга чиқиши, экспорт фаолиятини либераллаштириш ва соддалаштириш, экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш  бўйича тузилмалар фаолиятини такомиллаштириш,   бизнес юритиш билан боғлиқ барча тартибларни арзонлаштириш ва шаффофлигини таъминлаш кабилар ҳам борки, булар ҳам мулоқотда айтиб ўтилган ташаббуслар билан уйғунлиги яққол кўзга ташланади.

Ҳаммамизга  маълумки, кейинги етти йил мобайнида  Президентимиз ташаббуси билан хусусий бизнесга  мамлакатимиз тарихида мисли кўрилмаган енгилликлар, эркинликлар берилди. Жумладан, ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловлар барҳам топди. Шу сингари кўплаб қулайлик ва имкониятлар натижасида тадбиркорлар қатлами сон ва сифат жиҳатидан жадал  ўсди – ҳозирда юртимизда 700 мингга яқин ишбилармон фаолият юритяпти. Давлатимиз раҳбарининг очиқ мулоқотдаги нутқида тилга олинган вазифалар эса мамлакатимизда бизнес муҳитини яхшилаш борасида  эришилган натижалар билан қаноатланиб қолмаётганимизни, тадбиркорларга аввалгидан-да қулайроқ шарт-шароит вужудга келтирилишини англатади.

Республикамизда тадбиркорликка бундай катта эътибор қаратилаётгани бежиз  эмас, албатта.  Бунинг сабаблари, юзага келтирган омиллар ҳам  партиямиз асосий ғоялари, мақсадларида акс этган.  Дастуримизда баён қилинганидек, O'zLiDeP қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит – мамлакат ва унинг иқтисодиётининг жадал ва барқарор ривожланиши гарови, деб ҳисоблайди. Сиёсий, ижтимоий, маданий эркинликни иқтисодий эркинлик, жумладан, хусусий бизнес вакилларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Партиямиз фикрига кўра, халқ фаровонлиги, жамиятимиздаги тинчлик ва барқарорлик кўп даражада мамлакатда айнан хусусий секторнинг роли кучайишига боғлиқ.

Шунинг учун ҳам  мамлакатимизда тадбиркорлик янада кенг қулоч ёзишидан беистисно барча манфаатдор, десак янглишмаймиз. Масалан, мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келяпти. Ҳозирги кунда ушбу тармоқда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшларимиз меҳнат қилаётгани хусусий бизнеснинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ҳам ортиб бораётганидан далолат. Тадбиркорлар саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, қўйингки, қарийб барча соҳаларга янги ва замонавий технологиялар, услублар, ёндашувларни жорий этаётганини  ҳам  қайд этиш керак.  Аҳолини турли-туман маҳсулотлар билан таъминлаш, нархлар барқарорлигини сақлаш, юқори қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, замонавий хизматлар кўрсатиш ва бошқа кўплаб йўналишларда хусусий секторнинг аҳамияти беқиёс.  Стратегик вазифаларнинг амалга ошиши ҳам тадбиркорликнинг ривожи билан бевосита алоқадор.  Аён бўляптики, тадбиркорлар ва бутун халқимиз манфаати бир-бирига ниҳоятда вобаста, ҳамоҳанг. Тадбиркорлар учун яратилаётган шарт-шароит бевосита ва билвосита  мамлакатимизнинг барча соҳалардаги салоҳияти ўсишига ижобий таъсир кўрсатади. Демак, ҳеч иккиланмай, тадбиркорлик –  барча соҳалар локомотиви, дейиш мумкин.

Хулоса шуки,  ҳаёт ва амалиёт  партиямизнинг  ғоялари  асосли, пишиқ-пухта,  халқчиллигини, O'zLiDeP мақсадни тўғри олганини исботламоқда.   

Мулоқотда эълон қилинган, тадбиркорлар фаолият майдонининг  янада кенгайиши, хусусий бизнеснинг олдингидан-да эмин-эркин иш юритишига хизмат қилувчи ўзгаришлар, ислоҳотлар эса мазкур қатлам манфаатларини ҳимояловчи O'zLiDeP зиммасига ҳам кўпгина вазифаларни юклайди. Янги тартиб-таомиллар моҳияти ва аҳамиятини кенг кўламда  тарғиб қилиш, уларнинг амалга оширилиши юзасидан депутатлик  ва жамоатчилик назоратини  йўлга қўйиш шулар жумласидан. Партия ана шу вазифаларни бажаришга киришмоқда.

 Сардор Марипов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

Партия дастурий кўрсатмаларини ишлаб чиқиш

ва мафкуравий ишлар бўлими мудири

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    233
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+