Кичик бизнес учун янги имкониятлар

24.08.2023, 10:10

Кичик бизнес учун янги имкониятлар

Бундан икки йил олдин Президентимиз ишбилармонлар билан ўтказган очиқ мулоқотида 20 августни “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилган эдилар. Бу – кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорларга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Тадбиркорлар – аввало, ўз меҳнати билан фаровонликка эришадиган, жамиятда барқарорлик ва ҳамжиҳатлик мустаҳкамланишига интилувчи одамлар. У нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади. Тадбиркорлик иқтисодиётгина эмас, балки бошқа кўплаб соҳалар тараққиётига ҳам туртки беради, уларнинг барқарорлигини таъминлайди.

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан бўлиб ўтган навбатдаги очиқ мулоқотида ушбу ислоҳотлар эътироф этилиб, эришилган ютуқлар, келгуси йилда амалга ошириладиган лойиҳалар, янги ташаббуслар ва вазифаларни белгилаб берилди.

Эътибор беринг, 2021 йилда бўлган очиқ мулоқот бўйича 57 та, ўтган йили эса 55 та ташаббус илгари сурилган эди. Уларнинг натижасида бизнесни юритишда кўплаб енгилликлар бўлди.

Ҳозир шулардан айримларини санаб ўтамиз. Масалан, биргина қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддати қисқартирилиб, ўтган бир йил ичида 6 мингта корхонага 20 триллион сўм қайтариб берилган. Энг муҳими, ушбу солиқ ставкаси 12 фоизга туширилгани ҳисобига, қўшилган қиймат занжири иштирокчилари сони 26 мингтага кўпайиб, фаолияти “соядан” чиққан.

Кредит беришда айланмадаги товарлар, экспорт шартномалари, аккредитивлар ва келгуси тушумлардан ҳам гаров таъминоти сифатида фойдаланиш тизими яратилди. Бу имконият орқали тадбиркорларга 1 миллиард доллар кредитлар берилган.

Божхона ҳудудида қайта ишлаш тизими соддалаштирилди. Натижада, ушбу божхона режимидан фойдаланувчи тадбиркорлар сони 2 баробарга кўпайди. Бир йил ичида ушбу имконият орқали 455 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Ўтган бир йилда кичик тадбиркорлар сони 40 мингтага кўпайди, ўрта тадбиркорлар сони 2 мингтага ошиб, 10 мингга етди. Йирик корхоналар сони эса бир йилда 400 тага кўпайиб, 1,5 мингта бўлди. Берилган енгилликлардан фойдаланиб, бир йилда 155 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллион доллардан ошди. Киритилган йиллик хорижий сармоялар ҳажми эса илк бор 10 миллиард долларга етди.

Ушбу эришилган ютуқларнинг таг замирида албатта, давлатимиз раҳбарининг ишбилармонларга қаратиб келаётган юксак эътибор ётибди. Мамлакатимизда ишбилармонларнинг эркин фаолият юритишлари учун яратилаётган қулайликлар, зарар шарт-шароитлар бугун натижасини бераётир.

Ҳеч шубҳасиз, келгусида соҳага бўлган эътибор янада ортади, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича катта ишлар қилинади. Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотидаги нутқини тинглаб, уларга бўлган эътибор ошишига амин бўлдик. Чунки давлатимиз раҳбари келгусида қилиниши лозим бўлган бешта асосий йўналишни кўрсатиб ўтди.

Биргина кичик бизнесни ривожлантиришдаги лойиҳаларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, кичик бизнес – бу маҳаллага, туманга янги муҳит олиб кирадиган, одамларимизга шиж́оат берадиган катта кучдир. Иқтисодиёти жадал ривожланаётган кўплаб давлатларда иш ўринларининг 70-80 фоизи шу соҳа вакиллари томонидан яратилмоқда. Барча нуфузли компаниялар тарихи ҳам айнан кичик ва ўрта бизнесдан бошланган.

Шу жиҳатдан, сўнгги йилларда мамлакатимизда микро-бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича катта амалий ишлар қилинди. Дастурлар орқали микро-бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашга ҳар йили 1 миллиард доллардан зиёд маблағ йўналтирилмоқда. Натижада бугун ҳар бир маҳаллада камида 40-50 нафар янги тадбиркор пайдо бўлиб, минглаб доимий иш ўринлари яратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари кичик бизнесни манзилли қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш борасида ҳали қилиниши лозим бўлган қатор ташаббусларни илгари сурди. Унга кўра, энди кичик тадбиркорларнинг “оёққа туриб олиши” ва фаолиятини кенгайтириши учун мутлақо янги ёндашувлар жорий этилади. Бунда ушбу соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа тайёрлаб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор, бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит эко-тизим яратилади.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг кичик бизнесга алоҳида эътибор қаратиши келгусида тадбиркорларнинг сонини ортишига, энди иш бошламоқчи бўлган тадбиркорларни оёққа туриб олишида, сифатли ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашгача бўлган жараёнларни босиб ўтишида замин яратади.

 Сардор  ҒИЁСОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    257
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+