Андижоннинг энг ишбилармон аёли

24.08.2023, 14:50

Андижоннинг энг ишбилармон аёли

Андижон шаҳрида “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Ишбилармон аёл – 2023” кўрик-танловининг ҳудудий республика босқичи бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси Андижон вилояти кенгаши раиси Хуршида Халилова  мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, айниқса, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади, танлов қатнашчиларига омад тилади. 

Дарҳақиқат, партия “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Бунёдкор аёллар”, “Ишбилармон аёл”, “Намунали томорқачи аёл – фаровонлик бунёдкори!”, “Бир депутат – юз аёлга кўмакчи!”, “Фаровон оила”, “O`zLiDeP фаоли – ислоҳотлар тарғиботчиси!” сингари қатор лойиҳа, танлов ва акциялар ўтказилаётганлиги опа-сингилларимизни жамиятдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларда, айниқса, тадбиркорликда янада фаол бўлишга илҳомлантирмоқда.  

Ўзбекистон либерал-демократик партияси Андижон вилояти кенгаши томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда тадбиркор, фермер ҳамда ҳунарманд хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар ишбилармон аёлнинг фаолияти бўйича тақдим этилган ҳужжатлар, шунингдек, улар томонидан ташкил этилган кўргазмалар кўриб чиқилди.  

Якуний натижаларга кўра, белгиланган шартлар асосида энг юқори баҳо олган Андижон туманидаги Наврўз маҳалласида фаолият юритаётган оилавий тадбиркорлик корхонаси раҳбари, ҳунарманд, декоратив сунъий гуллар устаси Гуллола Маҳкамбоева ғолиб деб топилди.  

– Мен каби кўплаб тадбиркор опа-сингилларимизга рағбат бераётган ушбу танловда ғолиб бўлганлигимдан беҳад мамнунман, – дейди танлов ғолибаси Г. Маҳкамбоева. – Декоратив сунъий гуллар ясаш билан шуғулланамиз. Оилавий корхонамизда 50 нафар хотин-қиз меҳнат қилади. Маҳсулотларимиз анча харидоргир, шунга яраша олаётган даромадимиз ҳам яхши.  

Танловда иккинчи ўрин Андижон шаҳридаги “Мавжуда гранд люкс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мавжуда Қурбоновага, учинчи ўрин эса Избоскан туманидаги якка тартибдаги тадбиркор, нақш устаси, зардўз Гулмира Ҳамдамовага насиб этди.  

Ғолиблар диплом, пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.  

  • Кўрилди
    473
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+