Форишдан тўғри хорижга!

07.09.2023, 17:26

Форишдан тўғри хорижга!

Тадбиркорликни шунчаки ҳавас деб эмас, балки ҳаётининг мазмуни деб қарайдиган инсонлар учун бугун марказ ё чекка ҳудуд деган гаплар нисбий тушунчага айланган.

Буни Жиззах вилоятининг Фориш тумани мисолида ҳам кўришингиз мумкин. Туманимизда турли хил йўналишларда фаолиятини йўлга қўйган, иш ўринлари яратаётган, халқимиз фаровонлигига ўз ҳиссаларини қўшаётган ишбилармонлар кўп.

Момоларимиздан мерос бўлиб қолган турли хил тақинчоқ, кийимлар болалигимдан мени ҳайратга солиб келган. Бора-бора бу ҳайрат ўзига хос санъат асари даражасига кўтарилган Фориш ҳунармандчилик анъаналарини тиклаш, янада ривожлантиришдек орзуга, орзу эса аниқ мақсадга, ҳаракатга айланди.

Якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш бошлагач, ҳайратимни туманимизга ташриф буюраётган хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар нигоҳида ҳам кўриб, санъатга, гўзалликка ошуфталик, яратувчилик иштиёқи биз ўзбек аёлларига асрлар давомида ҳамроҳ бўлиб келаётганига ишонч ҳосил қилдим.

Ҳамма нарсага меҳнат, изланиш, тинимсиз саъй-ҳаракатлар орқали эришилади. Шу боис, энди фаолият бошлаган пайтимда учраган қийинчилик ва муаммоларни сабр билан енгиб ўтишга интилдим. Устозларим, яқинларим, маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди, озми-кўпми тажриба орттирдим. Аста-секин ишларим йўлга туша бош лади. Дастлаб, маҳалламиздаги 8 нафар аёл билан фаолиятни бошладик, аста-секин уни кенгайтириб, ҳунармандчилик билан бирга тикувчилик, савдо ва ўқув йўналишларини йўлга қўйдик. Айни пайтда 20 нафарга яқин доимий ва 50 дан ортиқ мавсумий иш ўринлари яратишга муваффақ бўлдик.

Тадбиркорлик фаолияти нафақат моддий фаровонлик келтиргани учун, балки шу юртга, элга кераклигимни англатиб тургани учун ҳам менга қадрли. O‘zLiDeP фаоли бўлганим учун ҳам “Ишбилармон аёл” кўрик-танловига жиддий тайёргарлик кўрдик. Бежиз “кўрдик” демаяпман. Чунки бу танлов, айтишим керак-да, мен билан бирга ишлаётган барча ходимларимиз учун ҳам ўзига хос мактаб вазифасини ўтади. Биргаликдаги меҳнатимиз самаралари кўрик-танловнинг республика ҳудудий босқичида ҳакамлар томонидан энг юқори баҳога сазовор деб топилгани, ўша кез Форишда бу хабарни телефон орқали эшитган опа-сингилларим, дугоналарим қанчалик қувончга, ҳаяжонга тушганини тасаввур қилаверинг.

Бу беллашув орқали вилоятимиздаги кўплаб ишбилармон аёллар билан танишдим, янги ҳамкорлар ҳам топдим. Энг муҳими, партиямиз томонидан биз ишбилармонларга бўлган юқори эътиборни ҳис қилдик.

“Йилнинг энг ишбилармон аёли” деб топилганим жуда катта масъулият юклайди. Бу шарафли номга лойиқ бўлиш учун жуда кўп меҳнат қилишим, изланишимиз, ўрганишим кераклигини англаяпман. Айни пайтда туманимизда ташкил этилаётган кичик саноат зонасидан 5 гектар ер олиб, янги ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш ниятидамиз.

Мақсадимиз оддий. Насиб этса, форишлик ишбилармонлар яратган маҳсулотлар нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам довруғ таратади.

Лайло ИЛҲОМОВА,

 якка тартибдаги тадбиркор

  • Кўрилди
    323
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+