Элга нафим тегса бас

08.09.2023, 12:10

Элга нафим тегса бас

Бугун тиббиёт, таълим, тадбиркорлик, ҳунармандлик ва бошқа соҳаларда хизмат қилаётган хотин-қизларимиз ўзларининг фаолликлари билан юртимиз ободлиги, хонадонларимиз фаровонлиги, фарзандларимиз тарбияси йўлида фидойилик кўрсатиб келишмоқда.

Боёвут туманид а “Болғали Қилич ака” фермер хўжалигини ташкил этганимда 27 ёшда эдим. 2006 йилда хўжаликни атиги 5 киши билан бошлаган эдик.

Ўтган йиллар, албатта, осон кечмади. Шундай бўлса-да, тинимсиз меҳнат қилдик. Ҳозирда 30 нафар маҳалладошим ёнимда суянчиқ, доимий иш билан банд. Меҳнат инсонни ёмон ўй-хаёллардан асрайди, тоблайди, фойдали ишлар сари ундайди. Энг асосийси, у сизни элга, юртга танитади. 2020 йили Президентимиз фармонига биноан “Меҳр-саховат” кўкрак нишонига муносиб деб топилганимда бошим осмонга етган. 2019 йилдан бери эса Халқ депутатлари Боёвут туман кенгаши депутатиман.

Қўлимдан келмайди, деган сўзни умуман тилимга олмаганман. Балки шунинг учун барча кўзлаган мақсадларимга эришиб келаётгандирман. Менга ҳар доим кўмакдош, елкадош бўлиб келган турмуш ўртоғим дунёдан ўтганига мана олти йил бўлди. Етти фарзандимни ҳам ота, ҳам она бўлиб вояга етказдим. Ҳозирда уларнинг олти нафарини касб-ҳунарли қилдим, кенжам Гулистон шаҳридаги Президент мактабида таҳсил олмоқда.

O‘zLiDeP ташаббуси билан анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловида фахрли биринчи ўринга сазовор бўлганим ҳам меҳнатим ортидан келаётган ардоқнинг, партиянинг ўз электоратига эътиборининг бир кўринишидир. Шу кунларда туяқуш боқишни ҳам режалаштиряпман. Насиб этса, яна уч-тўрт маҳалладошим ишли бўлади.

Гулчеҳра ҚАРШИБОЕВА,

Боёвут туманидаги “Болғали Қилич ака” фермер хўжалиги раҳбари,

Халқ депутатлари туман кенгаши депутати

  • Кўрилди
    274
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+