“Ўзбекистон – 2030” стратегияси – юртимизда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожини таъминловчи муҳим ҳужжат бўлди

22.09.2023, 15:23

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси – юртимизда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожини таъминловчи муҳим ҳужжат бўлди

Бугун халқаро ҳамжамият Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги янги ислоҳотларга катта қизиқиш билан қарамоқда. Негаки, бугунги Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига драйвер соҳалардан бири сифатида қаралиб, қишлоқ хўжалиги ҳудудларини ривожлантириш ва қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.   

Дунё давлатларидаги қишлоқ хўжалиги ҳудудлари шаҳарга нисбатан ҳали ҳам етарли даражада хизмат кўрсатиш билан таъминланмаган ва бир қатор муаммоларга дуч келаётган бир шароитда Ўзбекистон қишлоқ аҳолиси ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, иш билан бандлигини таъминлаш чораларини кўрмоқда.

Юртимизда қулай агробизнес муҳитини яратиш, соҳа бошқарувида давлат иштирокини камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш масалаларига давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида қаралади.  

Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳам яқин йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг муҳим устувор йўналишларини ўз ичига олгани билан янада аҳамиятли бўлди. Негаки, унда халқчил ғоя ва ташаббусларни ўз ичига олган устувор мақсадлар қаторида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилган.

Унда қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш борасида аниқ мақсадларнинг белгилаб олингани таҳсинга сазовор жиҳатлардан биридир.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида экспорт ҳажмини ошириш, аграр соҳага инвестицияларни жалб қилиш, қўшимча 300 минг гектар майдонни замонавий сув тежайдиган технологияларни қўллаш орқали ўзлаштириш ва мазкур ерларда озуқабоп, доривор, мойли, дуккакли, шоли, ғалла, сабзовот, полиз экинлари экиш, интенсив боғ ва узумзорлар ташкил этиш, республика ҳудудларида 2,5 миллион тонна қувватга эга бўлган 100 та янги агрологистика марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, ер муносабатларини ислоҳ қилиш доирасида ер майдонларини ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш механизмини жорий қилиш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилгани эътиборга молик.

Шунингдек, стратегияда белгиланганидек, ҳар бир туманда аграр соҳадаги илм ва инновациялар, янгича ёндашувлар, замонавий агротехник тадбирларни амалга оширишга кўмаклашувчи марказларни ташкил қилиниши, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда кластерларга барча субсидияларни ягона “Агросубсидия” платформаси орқали “бир қадам” тамойили асосида тақдим этилиши замирида соҳа меҳнаткашлари, айниқса, деҳқон ва фермерларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликдан далолат. Катта имкониятлар эшигини очувчи калитдир. Давлатдан ўз вақтида зарурий кўмакни олган, қўллаб-қувватланган фермер ва деҳқоннинг ишида унум, ҳосилида барака бўлади. Эндиликда, қишлоқ хўжалигида замонавий билимлар, илм-фан ютуқларини соҳага самарали татбиқ қила оладиган марказлар фермер ва деҳқонларга кўмакчи бўлади. Бунинг натижасида, унумдорлик, ҳосилдорлик ва рентабеллик даражаси ошиши муқаррар.

Бундан ташқари, юртимизни келгуси етти йилда тараққий эттиришдаги муҳим мақсадлар жамланган концептуал ҳужжатда чорвачилик соҳасида озуқа базасини мустаҳкамлаш, яйлов ерлардан унумли фойдаланишни таъминлаш, пиллачилик соҳасида кластер тизими асосида 105 минг гектар янги тутзорларни барпо қилиш ва 1 миллиондан ортиқ янги иш ўринларини яратиш ҳам кўзда тутилган.

Айтиш жоизки, бизнинг Тошкент вилояти мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ўз тажрибаси ва салоҳиятига эга бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бугун вилоятдаги қайси бир фермер ва деҳқон билан суҳбатда бўлмайлик, яқин келажакда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ўз ичига олган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгилаб берилган ҳаётбахш мақсадларни қувонч билан қарши олганини таъкидламоқда. Қишлоқ хўжалиги сектори билан боғлиқ бўлган муаммоллар жуда яқин йилларда ўзининг ижобий ечимини топишидан мамнунлигини билдирмоқда.

Айниқса, 2024 йил 1 январдан бошлаб ҳосилни суғурталаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига суғурта мукофотининг 50 фоизи миқдорида субсидия ажратилишининг татбиқ қилиниши уларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

 Мухтасар қилиб айтганда, келгуси етти йилдаги тараққиётимиз мезони бўлган мазкур стратегия юртимиздаги ҳаётининг сифати ва даражаси, иш билан бандлиги бевосита қишлоқ хўжалиги сектори билан боғлиқ бўлган миллионлаб кишилар ҳаётидаги улкан воқелик бўлди.

Бу эса, ўз навбатида мамлакатдаги деҳқон ва фермерлар, агробизнес вакилларини фаол қўллаб-қувватловчи биз партия тизими ходимларига ҳам улкан масъулият юклайди.

Келгусидаги фаолиятимизда ушбу ҳаётбахш мақсадларни амалга оширишга янада шижоаткорлик, ташаббускорлик, қолаверса, масъулият билан киришишга ундайди.

Тўлқинжон Файзиев,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги

партия депутатлик гуруҳи раҳбари

 

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    269
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+