O'zLiDeP депутатлари сессияга дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш масаласини киритди

25.09.2023, 16:21

O'zLiDeP депутатлари сессияга дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш масаласини киритди

Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири Баҳром Бойқуловнинг ҳисоботи тингланди.Мутасадди ўз ҳисоботида таъкидлаб ўтганидек, жорий йил баҳор мавсумида вилоят ҳудудларида 9 млн. 842 минг дона дарахт, бута кўчатлари ва қаламчалари экиш режалаштирилган бўлиб, мавсум давомида 10 млн. 57 минг дона кўчатлар экилган.

Ушбу экилган кўчатлар туман ва шаҳар Экология инспекторлари томонидан саноқдан ўтказилиб, кўчат тури, сони, экувчи ташкилот, суғориш тизими, жойлашув локациялари белгиланиб, жавобгар шахс билан биргаликда далолатнома расмийлаштирилиб “Yashil makon eco” электрон платформага киритилган.

Мутасадди ҳисоботини диққат билан тинглаган депутатлар амалга оширилган ишларни эътироф этган ҳолда, асосий эътиборни мавжуд муаммо ва камчиликларга қаратишди. Айнан шу ўринда халқ ноибларининг мазкур масалани жиддий депутатлик назоратига олгани маълум бўлди.

Афсуски, соҳада бирқанча вазифалар бажарилмасдан қолмоқда. Депутатлар томонидан бунга етарлича мисоллар келтириб ўтилди. Жумладан, янги қуриладиган бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудларнинг кўкаламзорлаштириш майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкалари умумий майдонининг 25 фоизидан кам бўлишига йўл қўйилмайди деб белгиланган бўлсада, ушбу масалага қурилиш ташкилотлари, лойиҳачи, пудратчи ва Давлат экспертиза маркази томонидан эътибор берилмасдан қурилишлар лойиҳалаштирилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Экиладиган дарахт ва бута кўчатларининг кўкарувчанлигини таъминлаш учун суғориш тизими мавжуд бўлмаган ерларга ҳамда ёши 5 йилдан кам бўлган кўчатларнинг экилиши тақиқланган. Бироқ, олиб борилган ўрганишлар, жорий йил баҳор мавсумида Бахмал, Ш.Рашидов, Зомин, Зафаробод туманлари ва Жиззах шаҳридаги жами 106 та корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан 110,6 минг дона кўчатлар суғориш тизими мавжуд бўлмаган ерларга экилганлиги аниқланган.

Тингланган ҳисобот ва билдирилган танқидий-таҳлилий фикрлар умумлаштириб, депутатлик гуруҳи аъзолари мутасадди ахборотини қониқарсиз, деб топдилар ҳамда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида кун тартибидаги масала халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартиби муҳокамасига киритилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    266
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+