Тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт тарафдоримиз

27.09.2023, 16:57

Тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт тарафдоримиз

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – бутун ер сайёрасида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган энг нуфузли тузилма. БМТ аъзоси бўлган ҳар бир давлат халқаро муносабатларнинг асосий тамойилларини ўзида акс этган ва халқаро шартномалардан иборат ташкилот уставида белгиланган мажбуриятларга амал қилади.

Қуролли тўқнашувлар, халқаро тинчлик ва барқарорликка таҳдидлар кучайган шароитда БМТнинг тинчлик ва хавфсизлик, барқарорлик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, барқарор ривожланишни таъминлаш йўлида аъзо давлатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган универсал халқаро тузилма сифатидаги роли ва масъулияти тобора ортиб бормоқда.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик юксак даражага кўтарилди. 140 та қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 6 та резолюцияси қабул қилинди, Оролбўйи минтақаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун махсус Траст фонди фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг қатор нуфузли тузилмалари аъзоси этиб сайланди ва уларнинг ишида фаол иштирок этиб келмоқда. Биргаликда глобал кун тартибга эга, хусусан, озиқ-овқат хафсизлигини таъминлаш, туризмни ривожлантириш, камбағаллик ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалалари бўйича йирик халқаро тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Мамлакатимиз ташкилотнинг тўлақонли аъзоси сифатида БМТнинг мақсад ва низомларига қатъий риоя қилади, ўз овози ва мавқеига эга давлат сифатида эса Ташкилот фаолиятига оид фавқулодда муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари суради. Бу, айниқса, 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илк чиқишидан буён яққол намоён бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари Бош Ассамблея 78-сессиясида ҳам ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш зарурлигини қайд этди.

Бу борада аниқ мисол сифатида умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси”ни кўрсатиш мумкин. Унинг асосий мақсади турли мамлакатлар ва халқларнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат.

БМТ Бош котиби ташаббуси билан 2024 йилда Келажак саммити ўтказилиши халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга, Ташкилотнинг таъсири ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Давлатимиз раҳбарининг юксак минбардан туриб сўзлаган нутқидаги мамлакатимиз бўйича қатор принципиал фикрларини алоҳида кўрсатиб ўтсак. Биринчи навбатда, бу ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттириш ҳақидаги баёнотига тааллуқлидир. Яъни, Ўзбекистон “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгари боришини англатади.

Ўз навбатида, халқимиз манфаатларига тўла жавоб беради. Хусусан, глобал таҳдидларга қарамасдан, сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим мартадан ортиқ кўпайди ва 2030 йилга қадар бу кўрсаткични яна 2 баробарга ошириш режалаштирилган. Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайди. 2030 йилгача уни 7 фоизга тушириш режа қилинган.

Ташқи сиёсатда Ўзбекистон учун бундан буён ҳам Марказий Осиёда яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш муҳитини мустаҳкамлаш йўлидан қатъий бориш муҳим аҳамиятга эга. Уни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатида бундан буён ҳам устувор мақсад бўлиб қолади. 2017 йилдан буён Ўзбекистон ва барча қўшни мамлакатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли давлат чегаралари, транспорт коридорлари ва сувдан фойдаланиш бўйича муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлди. Хусусан, минтақа давлатлари ўртасида ўзаро савдо икки ярим баробардан зиёд, қўшма корхоналар сони эса беш марта ўсди. Минтақамиз иқтисодий ривожланиш марказига, Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган транспорт-коммуникация кўпригига айланиб бормоқда.

Шу ўринда, Шавкат Мирзиёев илгари сурган глобал ва минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббусларга тўхталиб ўтсак. Биринчидан, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ушбу соҳада ҳамкорликни кучайтириш мақсадида яқинда минтақамиз давлатлари томонидан Ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари ҳақидаги битим имзоланди. Бу соҳада БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш ва унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Иккинчидан, экстремизм тарқалишига, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича Миллий стратегиямиз доирасида илгари экстремизм ғоялари таъсирида бўлган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш ва жамиятга мослаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Ўзбекистон бу йўналишдаги ҳаракатларни давом эттириш учун БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси шафелигида уруш ҳудудларидан қайтганлар билан тизимли ишлаш бўйича Минтақавий экспертлар кенгашини тузишга қаратилган амалий қадамларни ташлади.

Учинчидан, Шавкат Мирзиёев сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига йўл қўймасликка чақирди. Жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш таклиф қилинди.

Буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асил инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Тўртинчидан, Президентимиз Афғонистоннинг музлатилган халқаро активларини бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтириш учун мақбул механизмларни ишлаб чиқишга чақирди.

Қайд этиш жоизки, БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида иштирок этиш Президентимизга АҚШда қатор учрашувлар ўтказиш имконини берди. Хусусан, Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг “C5+1” форматидаги биринчи саммитида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари бутун минтақа ривожи учун стратегик аҳамиятга эга бўлган, жумладан, транспорт йўлакларини ривожлантириш ва бошқа шу каби устувор йўналишларни кўрсатиб ўтди.

Умуман олганда, Ўзбекистон БМТнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида тенглик, ҳамкорлик, кўп қирралилик ва халқаро сиёсий тизимни ҳимоя қилиш тамойилларига содиқ эканини кўрсатмоқда. Президентимизнинг чиқиши Ўзбекистон сўнгги йилларда халқаро  низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш, мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик, мулоқот, глобал ҳаракатларни йўлга қўйиш, бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташаббускори бўлаётганини яна бир карра яққол кўрсатди.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    348
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+