Мустаҳкам сиёсий-дипломатик позиция

28.09.2023, 12:21

Мустаҳкам сиёсий-дипломатик позиция

Барчамизга маълумки, давлатлар ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ўзига хос форуми сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг аҳамияти ортиб бормоқда. Ушбу тузилма кўп томонлама дипломатиянинг энг мақбул воситаси янглиғ глобал ҳаётимизнинг турли муносабатларига дахлдор мураккаб масалаларини ҳал қила олади.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини белгиловчи асосий йўналишларидан бири сифатида БМТ билан ҳамкорлик янада кенгайиб, барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида интилиши юксак даражага чиққанини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур мустаҳкам сиёсий-дипломатик позиция давлатимиз раҳбари томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида илгари сурилган глобал ва минтақавий аҳамиятга эга ташаббусларда яна бир бор ўз ифодасини топди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш зарурлигини қайд этди.

– Биз ўтган йили умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси”ни илгари сурдик, – деди давлатимиз раҳбари жумладан. – Асосий мақсадимиз мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат.

Президентимиз иқтисодиётни либераллаштириш йўлидаги яна бир устувор вазифа – яқин орада Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш тўғрисида гапириб, БМТ Бош котиби томонидан илгари сурилган “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” борасидаги ташаббусни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Мазкур ташаббус доирасида тажриба алмашиш учун 2024 йили БМТ шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини юртимизда ўтказишни таклиф этди.

Жуда чуқур таҳлилга асосланган нутқда “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти– Хотинқизлар” тузилмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан Ўзбекистоннинг манфаатдорлигига эътибор қаратилиб, биргаликдаги ташаббус сифатида аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун келгуси йили мамлакатимизда Осиё хотин-қизлар форумини ўтказиш таклифи илгари сурилди. Ўзбекистон бундан буён ҳам Марказий Осиёда яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш муҳитини мустаҳкамлаш йўлидан қатъий бориши қайд этилди.

Шу ўринда яна бир жиҳатни назардан қочирмаслик жоиз. У ҳам бўлса, инсоният ўз тараққиёт йўлининг туб бурилиш даврини бошидан кечираётгани, халқаро муносабатларнинг табиати кескин ўзгараётгани билан боғлиқ жараёнлардир. Яъни, бугунги кунда бутун дунёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга трансмиллий таҳдидлар тобора фаоллашаётганини, иқлим шиддат билан ўзгараётгани ва оммавий мигрaция оқими кучаётганини ҳеч ким инкор қила олмайди.

Ўзбекистон етакчиси юксак минбарда бу масалалар бўйича ўз нуқтаи назарини очиқ баён этди. Жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этишни таклиф қилди. Буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида туриб, барча сиёсатчиларни Афғонистон муаммосини ҳал этиш йўлида бирлашишга ва бу борада БМТ раҳнамолигида Афғонистон бўйича биргаликда ишлаб чиқилган, вазиятга мослашувчан ва конструктив позицияни белгилашга чақирди.

Мухтасар айтганда, Президентимизнинг нутқи сессия иштирокчилари томонидан илиқ кутиб олинганининг ўзи Ўзбекистоннинг катта ютуғи бўлди. Бу эса мамлакатимизда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар дастури жаҳонда қўллаб-қувватланаётгани, долзарб глобал ва минтақавий муаммоларга ечим топиш борасида илгари сурилган ташаббус ва таклифлар муҳим аҳамиятга эга эканлигининг амалий тасдиғидир.

Дилором ХУДАЙБЕРГЕНОВА,

Халқ депутатлари Беруний туман кенгашидаги

 O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси

  • Кўрилди
    277
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+