Сирдарёда Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган мулоқот ташкил қилинди

16.10.2023, 11:03

Сирдарёда Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган мулоқот ташкил қилинди

Шу кунларда “Айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ва ўқувлар ташкил этилмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган навбатдаги мулоқот Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида ташкил қилинди.

Тадбирда қатнашган O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов сўзга чиқиб, Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказишни, шунингдек сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантиришни, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштиришни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (номзодлар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши белгиланмоқда. Марказий сайлов комиссияси аъзолари сонини камида ўн беш нафардан тўққиз нафарга тушириш, унинг камида бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон вакили бўлиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг Раиси беш йиллик муддатга сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг Раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда, Марказий сайлов комиссиясининг, ҳудудий сайлов комиссияларининг, округ ва участка сайлов комиссияларининг ваколатлари аниқлаштирилмоқда.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг такрорий сайлови муддатини қирқ кундан етмиш кунга узайтириш таклиф этилмоқда. Туман, шаҳар сайлов комиссиясининг ваколатларини белгиловчи янги нормалар билан тўлдирилмоқда.

Ушбу Конституциявий Қонун сиёсий партиялар ва депутатлар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига, партиялар мавқеи ҳамда сайлов органларининг профессионаллик даражаси янада ошишига хизмат қилади.

Тадбирда мазкур Конституциявий қонун лойиҳасига партия қуйи бўғинлари, ҳудудий кенгашлар вакиллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари ўз таклифлари билан фаол иштирок этишди.

  • Кўрилди
    222
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+