Туризм маданиятлар риштаси

18.10.2023, 16:41

Туризм маданиятлар риштаси

Туризм жаҳон иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган ва истиқболли тармоқларидан бири ҳисобланади. Кўпгина ривожланган мамлакатларда туризмни ривожлантиришга эътибор қаратилаётганлиги боис иқтисодиёти юксалиб бормоқда. Мамнуният билан таъкидлаш керакки, муҳтарам Президентимиз томонидан мана етти йилдирки, мамлакатимизда сайёҳликка ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлиги боис озод юртимиз фуқаролари учун дунё мамлакатлари эшиги очилди.

Айни пайтда Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси Ўзбекистонда ҳам мамлакатни модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар доирасида туризм тармоғини ривожлантиришга устувор эътибор қаратилаётганлигининг яққол далилидир. Давлатимиз раҳбари Глобал сайёҳлик ташкилотининг 140 дан зиёд мамлакат вакиллари иштирок этаётган мазкур анжуманда сўзга чиқиб, туризмни ривожлантириш борасида бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган янги автомобиль ва темир йўллар қурилади, авиатранспорт парки 2 баробар кенгайтирилади, авиақатновлар сони тўрт баробар оширилади. Катта шаҳар ва сайёҳлар кўп борадиган манзилларда 30 та йирик туризм кластерлари ташкил этилади.

“Кўҳна тарих дурдоналари” миллий дастури доирасида туристларни ўзига жалб қиладиган маданий мерос объектлари сони 800 тадан 2,5 мингтага етказилади, 745 та маданий мерос объекти реставрация қилинади, 20 та меъморий ёдгорликда “очиқ осмон остидаги музей”лар ташкил этилади. Айниқса,  зиёрат туризмига алоҳида эътибор қаратилади. Давлатимиз раҳбари БМТ доирасида Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқишни таклиф этди. Иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бораётган даврда “яшил” туризмни ривожлантириш бўйича халқаро Ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарблиги кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистон Президенти 2025 йилни “Бутунжаҳон инклюзив туризм йили” деб эълон қилиш ва махсус декларация қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Кейинги етти йил мобайнида воҳамизда  туризмни ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Турли халқларнинг урф-одатлари, маънавий қадриятлари, маданий дўстлик алоқаларини бир-бирига боғлашда  хизматлари беқиёс бўлган туризмни ҳақли равишда ҳар бир мамлакатнинг миллий бойлиги-қадриятлар кўприги дея оламиз.  

Қадимий шаҳарларимизнинг неча минг йиллик тарихи, мозий қатидаги дурдоналар, халқимизнинг маънавий-маданий қадриятлари тиклаш борасидаги кенг кўламли бунёдкорлик ишларининг амалга оширилганлиги туризм имкониятларини янада кенгайтирди. Вилоятимиздаги ҳар бири ўз тарихига эга бўлган қадимий ёдгорликлар ҳамда соҳибқирон Амир Темур давридан бизгача сақланиб келган бебаҳо маданий мерос билан танишиш, воҳанинг бетакрор табиатидан баҳраманд бўлиш учун ташриф буюрувчилар сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Бугунги кунда замонавий меҳмонхоналар, дам олиш масканлари қурилиб, сервис хизмати кун сайин яхшиланиб бораётир.

Ўндан ортиқ туристик маршрутлар вилоятимизга ташриф буюраётган сайёҳлар хизматида.    Япония, Корея, Россия, Германия, АҚШ, Ҳиндистон давлатларидан ташриф буюраётган сайёҳлар Қарши шаҳридаги Одина, Кўкгумбаз  тарихий обидалари, Қашқадарё кўприги, Ерқўрғон, Шаҳрисабз шаҳридаги “Оқсарой” мемориал комплекси, Китоб туманидаги “Ҳазрати Башир”, Қамаши туманидаги “Лангар ота”, Яккабоғ туманидаги Соҳибқирон бобомиз таваллуд топган  Хўжаилғор қишлоғи, Тезоб ота каби зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжолар билан бир қаторда мустақиллик йилларида яратилган бунёдкорлик ишларини ҳайрат билан томоша қилишаётир.

Туризм мамлакатимизнинг турли соҳалардаги имкониятларини дунёга намоён этишнинг ўзига хос воситаси эканлигини дилдан ҳис этган ҳолда, ундан тўлақонли фойдаланиш учун бор билим ва тажрибамизни ишга солишимиз талаб этилмоқда. Партиямиз депутатлари ва фаоллари воҳамиздаги қадимий ёдгорликлар, қутлуғ қадамжоларни ободонлаштириш, бетакрор жиҳатларини кўрсатиш, тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар ҳақида рисолалар, буклетлар яратишда таниқли ижодкорлар ва тарихчи олимлар билан ҳамкорликда иш олиб боришмоқда. Вилоятда туризмни янада ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва йўналишларини кенгайтириш, мувофиқ меҳмонхоналар сони, саёҳатчиларга кўрсатилаётган сервис хизмати ҳажми ва сифатини оширишга кўмаклашиш мақсадида вилоят кенгашининг дастурини  ишлаб чиқиш бўйича амалий ишларни бошлаб юбордик.

Туризм аҳамияти жиҳатидан ватанимизни дунёга танитишда спорт, санъат ва маданиятнинг бошқа соҳалари қаторидан муҳим ўрин эгаллашини унутмаслигимиз даркор. Янги Ўзбекистонимизда туризм соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, қулай иқтисодий шароит ва омилларни яратиш, унинг иқтисодиётдаги ўрни ва улушини кенгайтириш, хизматлар сифатини юксалтириш ҳамда туризм инфратузилмасини такомиллаштиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Шуҳрат  АСЛАНОВ,

“Шўртан газ кимё мажмуаси”

 МЧЖ Бош директори,

O’zLiDeP Қашқадарё

 вилоят кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    267
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+