«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида жиззахлик партия фаоллари алоҳида жонбозлик кўрсатмоқда

02.11.2023, 17:30

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида жиззахлик партия фаоллари алоҳида жонбозлик кўрсатмоқда

 “Ўзбекистон–2030” стратегиясида барча йўналишлар қатори атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича амалга ошириладиган ислоҳотлар доирасида экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини кенгайтириш мақсади белгиланган.

Унга кўра ҳар йили 200 миллион туп дарахт экиб бориш ва республикада яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, экиладиган ҳар бир дарахтни парвариш қилиш ва суғориш тизимини яратиш, 1984та яшил боғлар, шу жумладан 112та йирик саноат корхоналари томонидан ўз ва туташ ҳудудларида уч йил давомида 30 миллион туп кўчатдан иборат «яшил белбоғ»лар барпо этиш, барча давлат идоралари, корхоналар, таълим муассасалари ҳудудларида «яшил боғлари», шаҳар ва туман марказларида ҳар 50-100 минг аҳоли учун «жамоат парклари»ни ташкил этиш ва шу каби муҳим вазифаларни амалга ошириш кўрсатиб ўтилган.

Ушбу йўналишдаги мақсад ва вазифаларнинг нақадар долзарблиги бугун катта-ю кичикка яхши аён. Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарида туриб, инсоният ҳаётига таҳдид солаётган учта инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишини бартараф этишга доир муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Бу ташаббусларнинг амалий ижроси сифатида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда бошланган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси мамлакатимизда иқлим ўзгаришининг олдини олишда энг муҳим омиллардан бири бўлиб, лойиҳа доирасида кейинги беш йилликда республикамизда бир миллиард туп кўчат экилади.

Жорий йилнинг баҳор мавсумида Жиззах вилоятда 9 млн. 842 минг дона дарахт, бута кўчатлари ва қаламчалари экиш режалаштирилган эди.

Мавсум давомида халқимизнинг саъй-ҳаракати билан 10 миллон 57 минг кўчатлар экилди. Шундан, ижтимоий соҳа объектларида 634 минг, автомобиль йўллари ёқасида 173 минг, ободонлаштириш объектларида 2 миллион 248 минг, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларида 1861 минг, фермер хўжаликлари экин майдонлари четларида 2771 минг, ихота сифатида 530 минг ҳамда маҳаллалар ҳудудларида 1838 минг туп кўчат ниҳоллари қадалди.

Хайрли анъанага айланган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида мамлакатимизда жорий йил 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда “Кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинган.

“Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган ғоя остида бошланиб кетган умуммилиий ҳаракатдан кутилган мақсад аниқ. У ҳам бўлса, маҳаллаларда, кўча ва гузарларда, ташкилот ва корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари, йўл четларида бўш турган жойларни боғ-роғларга айлантиришдан иборатдир. Ҳисоб китоблар, шуни кўрсатмоқдаки, фермер хўжалиги ерларига 1 декабрга қадар хўжалик ерларининг бўш турган жойлари ва дала четларига яна 2 миллион 285 минг туп, олий ўқув юртлари бинолари атрофига 105 минг туп, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига 328 минг туп, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳовлиларига 127 минг туп кўчат экиш имконияти борлигини кўрсатмоқда. Қолаверса, жойларда “Оналар боғи”, Ёшлар боғи” ва бошқа яшил ҳудуд ҳамда боғлар ташкил қилинмоқда.

Қувонарли томони, жойларда кенг жамоатчилик аъзолари катта хайрихоҳлик билан киришган кўчат экиш ишларида партиямиз фаоллари, - O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Аграр, сув хўжаликлари ва экология масалалари бўйича” доимий комиссияси раиси Эркин Холматов, партия вилоят Кенгаши қошидаги Фахрийлар кенгаши раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Зиётов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Жиззах вилоят Кенгаши раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Анорбой Эшматов, вилоят “Нуронийлар” жамоатчилик кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Норқул Нушаров ва бошқа маслакдош депутатларимиз бош қош бўлаётган бўлсалар, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларидаги халқ ноиблари, партия “Аёллар қаноти”, “Ёшлар қаноти” гуруҳи фаоллари бу жараёнларда алоҳида фаоллик кўрсатмоқдалар.

Кўчат экиб, боғ яратиш аждоларимиздан мерос бўлиб келаётган улуғ қадриятларимиздан бири. Шундай экан, ҳар бир юрдошимиз, ҳар бир партия фаоли “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!”, деган эзгу ғояни қўллаб-қувватлашига ишончим комил.

Шерзод МАМАТҚУЛОВ

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши аппарат раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    256
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+