Гулистон шаҳрида аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги борасида амалга оширилган ишларнинг ҳолати қай даражада

06.11.2023, 09:59

Гулистон шаҳрида аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги борасида амалга оширилган ишларнинг ҳолати қай даражада

Маълумки, бугун дунёда юзага келган таҳликали вазият, глобал сиёсий таранглашув натижасида дунё бозорларида юзага келган кескин тебранишларнинг ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга салбий таъсирини камайтириш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз ва кафолатли таъминлаш, бозорларда нархлар барқарорлигини сақлаб туриш давлат сиёсатининг устувор мақсадларидан биридир.

Шунингдек, ривожланган ва ривожланаётган ҳар қандай давлатнинг асосий ва долзарб муаммоларидан бири бандлик масаласидир. Биринчи рақамли деб айтилаётган мазкур муаммони Ўзбекистон шароитида ҳал қилишнинг бирдан бир йўли тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга ташкилий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш орқали янги иш ўринларини яратишдир.

Юқоридаги долзарб масалалар юзасидан ҳудудларни масъулиятини янада ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йилнинг июль-август ойларида вилоятларга ташрифи давомида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, ҳудудларга инвестицияларни кенг жалб этиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, борасида бир қатор вазифа ва топшириқ берилган эди.

Мазкур масалалар доирасида жойларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А.Хаитов раҳбарлигидаги Қонунчилик палатасининг депутатларидан иборат ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятиниг Гулистон шаҳрида жамоатчилик назорати тартибида ўрганишлар олиб борди.

Ушбу масалаларни жойида ўрганиш мақсадида, Ишчи груҳ аъзолари Гулистон шаҳрида фаолият юритаётган бир қатор тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш корхоналарида бўлиб мавжуд муаммоларга ечим излаш борасида масъул мутасаддилар иштирокида муҳокамалар ўтказилди.

Ўрганишлар давомида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар, келгусида белгиланган асосий вазифалар, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш, шаҳарда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати таҳлил қилинди.

Таҳлилларга кўра, Гулистон шаҳарида айни пайтда аҳоли сони 100,1 минг ташкил қилиб, ҳисоб китобларга кўра, шаҳар аҳолиси эхтиёжи учун бир йилда ўртача 5,3 минг тонна картошка, 6,6 минг тонна ун, 1,0 минг тонна гуруч, 0,9 минг тонна ўсимлик ёғи, 1,9 минг тонна мол гўшти, 1,5 минг тонна парранда гўшти ва 20,9 млн дона тухум маҳсулотлари зарур.

Шаҳар аҳолисини ўсишини инобатга олиб, 2023-2024-йил қиш-баҳор фаслларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, нарх-навони ошиб кетмаслигини назорат қилиш мақсадида жорий йилнинг декабрь ойига қадар жами 3059.0 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жамғариш режалаштирилган.

Ушбу белгиланган режаларни тўлиқ ва самарали ташкил этилишини ўрганиш мақсадида, депутатлар томонидан “Бунёдкор гўшт, сут савдо инвест” масъулияти чекланган жамиятида бўлишди. Шунингдек, ун заҳираларни жамғарилганлиги ҳолатини шаҳарда фаолият юритаётган “Баққол дон савдо” МЧЖ мисолида ўрганишлар олиб борилди.

Шу билан бир қаторда, ишчи гуруҳ аъзолари аҳоли бандлигини таъминлаш, шаҳарда камбағалликни қисқартириш бўйича қабул қилинган манзилли дастур ижроси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Маълумотларда келтирилишича, Гулистон шаҳарда жорий йил 1-октябр ҳолатига 3272 та корхона ва ташкилотлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 84 та, саноатда 329 та, қурилишда 362 та, савдо сохасида 1221 та, ташиш ва сақлашда 60 та, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда 178 та, ахборот ва алоқа соҳасида 75 та, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда 88 та, бошқа турдаги хизматлар кўрсатишда 875 тани ташкил этмоқда. Мазкур корхона ва ташкилотларда кўп минглаб аҳоли меҳнат қилиб доимий даромад манбаига эга бўлган.

Аммо эндигина меҳнат бозорига кирган ёшлар, ўз-ўзини банд қилиш истагидаги аҳоли, миграциядан қайтиб келган вақтинча ишсиз қолган фуқаролар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”ларида рўйҳатда турган аҳолини иш билан таъминлаш ҳолати аслида қандай?

Шаҳарда 2023 йилда ишсизларни доимий, вақтинчалик ва мавсумий ишларда банд қилиш бўйича йиллик режа 10973 та этиб белгиланган. Амалда ушбу белгиланган вазифалар қай даражада бажарилган?

Депутатлар юқоридаги саволларга жавоб топиш мақсадида, Гулистон шаҳрида ишсиз аҳолини иш билан банд қилиш, янги иш ўринларини ташкил этиш, камбағалликни қисқартириш, эндигина фаолиятини бошлаган тадбиркорларга кўрсатилаётган амалий ёрдамлар, шунингдек тадбиркорлик қилиш истагидаги аҳолига ажратилаётган кредит ва субсидиялардан тўғри ва самарали фойдаланиш ҳолатлари ўрганилди.

Ўрганишлар давомида “Туркистон” тадбиркорлик мажмуида бўлиб, у ерда фаолият юритаётган ҳамда эндигина ўз фаолиятини бошлаган тадбиркорлар, ишсиз аҳолини банд қилишнинг амалий мисоли кўздан кечирилди. Мазкур объектда 20 дан ортиқ тадбиркорлар ўз фаолиятларини йўлга қўйган бўлиб, юзга яқин янги иш ўринларини яратишган.

Ишчи гуруҳ аъзолари 10 ортиқ тадбиркорлик субъектлари, оилавий тадбиркорлар, субсидия ва имтиёзли кредитлар асосида ўз фаолиятини бошлаган тадбиркорларнинг иш жараёнлари билан танишишди.

Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар бўйича масъул мутасаддиларга таклиф ва тавсиялар берилди.

Ўрганишлар натижаси юзасидан Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида масъуллар ахбороти эшитилиши тегишли комиссиялар қарори қабул қилинди.

Сардор Ғиёсов,

Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    214
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+