Озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи муҳокамалар марказида бўлди

07.11.2023, 14:48

Озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи муҳокамалар марказида бўлди

Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шаҳар ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Йиғилишда кун тартибидаги биринчи масала юзасидан Гулистон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғ.Ботировнинг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, айни чоғда Гулистон шаҳри аҳоли сони 100,1 минг нафарни ташкил қилмоқда. Аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, нархларнинг асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймаслик учун 2023-2024 йилларда ҳудудда асосий турдаги қишлоқ хожалиги маҳсулотлари картошка, пиёз, сабзи ва гуручга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун Гулистон шаҳар ҳокимлиги ва "Бунёдкор гўшт-сут савдо инвест" МЧЖ билан асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини жамғариш мақсадида шартнома тузилган.

Асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича деҳқон бозорида аҳоли учун арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ҳамда 4 та кўчма савдо дўкони (автолавка) ташкил қилинган. Ушбу ярмаркага жамғарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари шаҳар ҳокимлиги томонидан тасдиқланган кунлик график асосида мақбул нархларда савдога чиқариб сотилмоқда.

Гулистон шаҳрида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таминлаш мақсадида 2023 йилнинг  9 ойи давомида 51,0 минг тонна буғдой, 272 тонна ун маҳсулотлари, 516 тоннага яқин чорва, 135 тонна бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинган. Импорт қилинган буғдой ва кунгабоқар маҳсулотлари қайта ишланиб аҳолига ун ва ёғ маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

Сессияда кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан Гулистон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи А.Ғойибназаровнинг ахбороти тингланди.

А.Ғойибназаровга кўра, Гулистон шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2023 йил январь-октябрь ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 103,7 фоизга, халқ истеъмоллари ишлаб чиқариш 102,6, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 101,7, қурилиш-пудрат ҳажми 100,5, чакана товар айланмаси 102,4, хизматлар эса 107,0 фоизга ўсишга эришилган.

Камбағалликни қисқартириш бўйича шу даврда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими томонидан Дастурда белгиланган 1548 нафар ўрнига амалда 1550 нафар ишсиз фуқаролар доимий иш ўринларига ишга жойлаштирилган. Шунингдек, ўтган вақт ичида 10 маротаба бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб,  унда 123 нафар фуқароларга доимий ишларга жойлашиш учун йўлланма берилган. 117 нафар ишсиз фуқаролар эса касбга ўқитиш ва қайта ўқитиш курсларига юборилган.

Шу билан бирга, ҳоким ёрдамчилари томонидан шаҳардаги 24 та маҳаллалардаги 23387 та хонадонлар ўрганилиб, натижада 1520 та тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ишсиз аҳолини бандлиги таминлаш мақсадида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 33.7 млрд.сўм кредитлар ажратилган. Бу орқали 146 та ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида янги лойиҳалар ишга туширилган.

181 нафар ишсиз фуқароларга ўзини-ўзи бандлигини таминлаш мақсадида 1034.0 млрд.сўм субсидиялар ажратилган бўлса, ишсиз 530 нафар аҳоли ҳозирги кунда талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитилиб малакаси оширилган.

Ўтган даврда “Ёшлар баланси” асосида аниқланган ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёшлардан 1645 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган. Уларни касб-ҳунарга ўргатиш, имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ажратиш ҳамда ижтимоий-моддий қўллаб-қувватлаш натижасида 1257 нафар ёшларга амалий ёрдамлар кўрсатилиб, “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан 6 млрд. 266,5 млн сўм маблағ ажратилган.

Бундан ташқари, “Аёллар дафтари” учун ўтказилган хатлов якунига кўра, 30 ёшдан юқори бўлган жами 2214 нафар хотин-қизлар рўйхати шакллантирилган. Шундан 890 нафарининг бандлиги таъминланган бўлса, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд 151 нафар хотин-қизларга 1 млр.600 миллион сўм маблағ ажратилган.

Сессияда жорий йилда экспорт ҳажмининг 2022 йилнинг ушбу даврига нисбатан сезиларли камайгани, асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми белгиланган прогноз кўрсаткичларга нисбатан 61,5 фоизга бажарилгани депутатлар томонидан танқид остига олинди.

Шунингдек, Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгаши билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмагани, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни иш билан банд қилишда сусткашликка йўл қўйилгани депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди.

Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари давлатимиз раҳбарининг Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор вазифаларга тўхталиб ўтди.

Сессияда депутатлар томонидан кун тартибидаги масалалар юзасидан кўплаб саволлар берилди ва тегишли жавоблар олинди.

Муҳокама қилинган масалалар бўйича халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

  • Кўрилди
    213
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+