Мақомимизга муносиб бўлайлик

16.11.2023, 17:47

Мақомимизга муносиб бўлайлик

Партиянинг Хоразм вилоят кенгаши раиси Ислом Файзуллаев билан айни байрам арафасида учрашиб, аввало, маҳаллий кенгаш депутатлари фаолияти сиёсий куч аъзолари сонининг ошиб бораётгани хусусида суҳбатлашдик.

– Вилоят миқёсида оладиган бўлсак, сиёсий партиялар орасида O‘zLiDePнинг етакчилик мавқеи қай даражада деб ўйлайсиз?

–  Оддий арифметикани қаранг: масалан, маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган охирги сайловларда бизнинг партиямиздан вилоят кенгашида 21, шаҳар ва туманлар кенгашларида  эса 149 депутатлик ўрнига эга бўлганимиз кичик натижа эмас. Албатта сиёсий майдонда рақобат, муросасиз курашлар бўлиши табиий. Шу маънода етакчилик ортида жиддий масъулият ва шарафли вазифалар ҳам ётганини англаш қийин эмас.

– Сон ва сифат уйғунлиги, яъни халқ ноиблари фаоллиги нималарда намоён бўлмоқда?

 –  Очиғи, мақтаниш ёшидан ўтганман. Агар имкон тополсангиз, Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз йиғилишлари ёки ўтказиладиган сессияларда бир қатнашиб, кузатинг. Ўзингиз гувоҳи бўласиз вакилларимизнинг куйинчаклигига. Бирор киши бефарқ ўтиролмайди. Кун тартибига қўйиладиган масалалар муҳокамаси ҳар доим қизғин тортишувлар, баҳс ва мунозаралар руҳида ўтади.

Узоққа бормайлик-да, ўтаётган йилнинг ҳозирги давригача депутатлик гуруҳимиз аъзолари томонидан  вилоят кенгаши сессияларига бешта масала киритилиб, шу борада тегишли тартибда қарорлар қабул қилинишига эришилгани юқоридаги гапларимга ўзига хос исбот бўлади деб ўйлайман. Улар орасида  давлат дастурлари ижросини таъминлаш ва назорат қилиш, шунингдек, нисбатан шимолий ҳудудда жойлашган воҳа аҳлининг қиш мавсумида кутилмаган  қийинчиликларга дуч келмаслигининг олдини олиш учун масъул бўлган идора ва ташкилотлар раҳбарлари эътибор қаратиши зарур бўлган бирламчи вазифалар ҳам бор эди.

 Шу ўринда мавзуга дахлдор яна  бир мисолни келтириб ўтмоқчиман: Урганч туманидаги Чўлобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Урганч шаҳри ҳамда туманнинг аҳоли хонадонларидан чиқадиган қаттиқ ва маиший чиқиндиларни жойлаштириш учун махсус полигон бор эди. Бу жой аҳолининг яшаш ҳудудига яқинлиги, одамлар соғлигига зарар етказиши эҳтимоли юқорилигидан фуқаролар норозилигига сабаб бўлаётганди. Бу оғриқли муаммони халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясига олиб чиқдик...

– Биринчи навбатда юксак ишонч билдирилиб, сайлаган одамлари манфаати  ҳимояси йўлида беминнат хизмат қилаётган, айни пайтда партия кенгаши билан яқин ҳамкорликда ишлаётган фаол депутатлар ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Бундай мезон талабларига жавоб берадиган депутатларимиз кам эмас. Ана шундай вакилларимиздан  Мадраҳимбой Мадримов, Фароҳат  Саъдуллаева, Шавкат Сафарбоев ҳамда Гавҳаржон Ибодуллаева каби вилоят кенгаши депутатлари номини алоҳида таъкидлаб ўтишим мумкин. Қолаверса, шаҳар ва туман кенгашларида ҳам  чин маънода депутатлик мақомига мос инсонларимиз ҳам жуда кўп. Асосийси, сайловчилар ишончи ва меҳрини қозониш ҳар кимга-да насиб этавермайди. Бунинг учун виждонли ва ҳалол бўлиш шарт.

– Маълумотларни кўздан кечираётиб, қизиқ бир рақамга гувоҳ бўлдим. У ҳам бўлса, сиз партия вилоят кенгашига раис бўлиб сайланганингизда вилоят миқёсида ҳисобланганда 59 минг нафар аъзо бор экан, тўғрими?  Эътиборли жиҳати шуки, сўнгги тўрт йилда уларнинг сони яна эллик минг нафарга ошибди. Айтинг-чи, бундай ўсишга қандай эришяпсизлар?

– У тадбиркорми, шифокорми ёки бошқа касб эгасими, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ўзини дахлдор, бевосита иштирокчисиман, деб билиши энг муҳим. Бу фуқароларнинг сиёсий онги ва фаоллиги ошганлигини белгилайдиган ҳолат. Масалан, тўрт йил олдин “ЎзАвтоМоторс” Хоразм филиалида 200 нафар партиямиз аъзолари бор эди. Ҳозирги кунда уларнинг сони икки мингдан ошди. Истиқболда ушбу саноат корхонасидан  яна юз эллик нафар ишчи ходим партиямизга аъзо бўлиб кириш ниятида

– Ислом оға, ўрни келди, энди сўрамоқчи эдим, билишимча, ўтган даврда партиядан сайланган туман депутатларидан икки нафари муддатидан олдин чақириб олинган экан. Бунга нима сабаб бўлди?

 – Сабаби оддий, яъни депутатлик вазифасини уддалай олмагани, партия кенгашлари билан алоқани узганликлари учун шундай қарорга келишга мажбур бўлдик. Бу айни пайтда бошқа депутатларимиз учун сабоқ ҳамдир. Чунки одамлар шунча номзодлар орасида сенга ишониб, овоз беряптими, бу шарафли мақомни оқлаш ҳам керак-ку! Шоли курмаксиз бўлмайди, деган гап жуда тўғри эканлигини ана шу мисол ҳам исботлаб турибди. Энди замон ўзгарди, талаб бошқача. Номига депутатлик нишонини тақиб, мақтаниб юрадиган даврлар ўтиб кетди. Олдинда яна бир жиддий синов турибди. Бу янги йилда бўлиб ўтадиган янги сайловлар билан боғлиқдир. Энди депутатликка бўлғуси номзодларни танлаш ва саралашда юқоридаги каби  кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлмаслиги, партия ишига садоқатли, халқ орасидан ўзини ҳар томонлама намоён қила олган, сайловчилар ишончини қозонишга муносиб номзодларни кўрсатишимиз лозим бўлади.

– Яна бир қувончли томони, юртимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар самараси десак арзийди, бугун вилоятда тадбиркорлар сони ҳам кундан-кунга ошиб бормоқда. Биламизки, бу партиянинг биринчи навбатдаги вазифаси тадбиркорлар қатлами манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат эканлиги беш қўлдек аён. Хўш, шундай экан, электорат вакиллари билан ҳамкорлик қай даражада?

 – Яна рақамларга мурожаат қиламиз: бугун Хоразмда 35 минг нафардан зиёд тадбиркор фаолият юритмоқда. Табиийки, бу рақам ҳар ойда ўзгариб боради, яъни ўсади. Тадбиркорликни энди бошлаётган ёшлар учун мунтазам равишда семинарлар, амалий кўргазмали тадбирлар ташкил қиляпмиз. Уларда  номдор тадбиркорлар иштирок этиб, бошловчи ҳамкасбларига ўзларининг бой тажрибалари ҳақида маҳорат сабоқлари ўтишмоқда, амалий ёрдамларини кўрсатишяпти. Бу борада ҳам депутатларимиз фаол эканликларини яна бир карра қайд этишим керак.

– Сиз билан яна бир муборак сана   – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташкил топганига 20 йил тўлаётган дамларда суҳбатлашяпмиз...

– Биласиз, иқтисодий ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқилса, аҳолининг камида етмиш беш фоизи ўртаҳол қатлам ҳисобланган жамиятларда кескин ўсишлар кузатилади. Бу кўп бора кузатилган ва исботланган ҳақиқат. Энди ўзимиздан қиёс: бугунги кунда бизнинг партиямиз электорати ҳисобланган тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, кичик бизнес вакиллари айнан ана шу қатламнинг ўқ илдизини ташкил қилади. Демак, уларнинг сонини ошириб, кўпайтириб бориш орқали мамлакатимизда изчил давом этаётган иқтисодий ислоҳотларимиз самарадорлигини таъминлай оламиз. Ана шундай машаққатли ва шарафли йўлда ўзларининг камтарин хизматлари билан халқимиз ва Ватанимиз манфаатини барча нарсадан устун биладиган, келажагимиз учун ўзига хос маёқ, кўприк вазифасини ўтайдиган Учинчи Ренессанснинг тамал тошини қўяётган партиямизнинг бир миллион нафардан ошаётган барча аъзоларини ушбу унутилмас айём билан самимий табриклайман. Юртимиз тинч, осойишта, халқимиз соғлом ва фаровон, дастурхонимиз тўкин бўлмоғини Яратгандан тилайман.

“XXI asr” мухбири  Рўзимбой ҲАСАН суҳбатлашди. 

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    119
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+