Ишсиз хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилмоқда

27.11.2023, 11:15

Ишсиз хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилмоқда

Андижон шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида O'zLiDeP "Аёллар қаноти" томонидан “Тадбиркор аёллар юртимиз таянчи!” мавзусида тадбир ва маҳорат дарслари ўтказилди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 25- мақсадида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, аёлларни кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандлик, касаначилик соҳаларига кенг жалб этиш бўйича қатор вазифалар белгиланган. Ана шу вазифалар ижроси доирасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – O'zLiDeP вилоят кенгаши томонидан амалга оширилаётган “Бунёдкор аёллар” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбир ва маҳорат дарсларида партия вилоят ҳамда Андижон шаҳар кенгашларининг аёллар масалалари бўйича масъуллари, фаоллари, тадбиркор аёллар, ҳунар ўрганиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган хотин-қизлар иштирок этди.  

Тадбирнинг очилишида O'zLiDeP Андижон шаҳар кенгаши бўлим мудири Ж. Жиянов, “Ишга марҳамат!” мономарказнинг хизмат кўрсатиш ва сервис бўлими бошлиғи М. Қурбонова сўз олиб, мамлакатимизда хотин-қизларнинг замонавий касб-ҳунарларни ўрганиши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, партия ва мономарказ ҳамкорлигида бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини айтиб ўтди.  

Шундан сўнг иштирокчилар мономарказ фаолияти, хусусан, маҳаллалардаги ишсиз, лекин касб-ҳунар ўрганиш истаги бўлган “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш, тикувчилик, қандолатчилик, компьютер саводхонлиги,дизайнерлик, сартарошлик, боғча тарбиячиси,  компьютер саводхонлиги ва тил ўргатиш йўналишларида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Мутахассислар томонидан иштирокчиларга марказдаги жараёнлар ҳақида кенг тушунча ва маълумотлар берилди.

–Маҳалламиздаги ишсиз, лекин ҳунар ўрганиш истагидаги опа-сингилларимизга ҳунар ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлашда Мономарказ ҳамда O'zLiDeP “Аёллар қаноти” билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, – дейди Андижон тумани “Қумкўча” маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар фаоли Нодирахон Аҳмадалиева. – Бугунги тадбирда ҳам маҳалламиздан уч нафар ишсиз аёл иштирок этди. Улар ўзлари танлаган йўналишлари бўйича маҳалла йўлланмаси билан мономарказда бепул ўқиб, ҳунар ўрганиши, кейинчалик ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши мумкин.  

Мономарказда тикувчилик, дизайнерлик ва қандолатчилик тўгаракларида хотин-қизларга касб-ҳунар ўргатиб келаётган тажрибали мутахассислар Омадхон Аҳмедова ва Ферузахон Жўраева томонидан ўтказилган маҳорат дарслари тадбирда қатнашган кўплаб ишсиз, опа-сингилларимизнинг ана шу ҳунарларга бўлган қизиқишини янада оширди. Уларнинг аксарияти мономарказда ўқиш, касб-ҳунар ўрганиш истагини билдирди.  

  • Кўрилди
    310
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+