Ахборот технологиялари: ёшлар учун мадад ва рағбат

30.11.2023, 10:00

Ахборот технологиялари:  ёшлар учун мадад ва рағбат

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси­дан ўрин олган беш йўналиш ва юз мақсад ижросини жорий йилда таъ­минлаш ҳамда бу борада жамоатчи­лик назоратини йўлга қўйиш мақсади­да шу йил сентябрда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан кичик ишчи гуруҳлар ташкил этилган эди.

Яқинда cтратегиянинг ёшлар ўртасида IT соҳасини янада оммалаштириш ҳамда соҳада хиз­матлар экспортини ошириш мақсадидаги вази­фалар бўйича тузилган ишчи гуруҳнинг Рақамли технологиялар вазирлиги қошидаги IT паркда навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Партиямиз фаоллари ёшларга замонавий билим ва кўникмаларни ўргатиш, “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини кенгайтириш орқали энг иқтидорлиларини танлаб олиб, халқаро нуфузли компаниялар талабларига мос дастурлар асосида халқаро IT бозорига тайёрлашга аҳамият қаратиш йўналишида бажарилаётган ишлар бўйича тегишли вазирлик ва идоралар вакилларининг ҳисобот­ларини тингладилар.

Рақамли технологиялар вазирлигининг рақамли таълимни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи С. Бутановнинг сўзларига кўра, вазирлик томонидан “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг навбатдаги босқичида ёшларга uzbekcoders.uz платформаси орқали АҚШнинг “Coursera” компа­нияси онлайн таълим ресурсларидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Дастурлашга қизиқувчи йигит-қизлар учун албатта бу ажойиб туҳфа. Чунки “Coursera” – ма­софавий таълимнинг улкан платформаси. Ун­да дунёнинг 275 та етакчи университети ва ком­панияларининг (жумладан, “Google”, “Amazon”, “Мета”, “Stanford”, “Yale” ва бошқалар) 12 мингта профессионал таълим ресурси жойлаштирилган. 2023-2025 йилларда ушбу лойиҳа доирасида 1,2 млн. нафар йигит-қиз 8 та йўналишдаги онлайн курсларда бепул таълим оладилар. Эътиборли­си, айни парк томонидан барча контентдан фой­даланиш имкониятини берувчи жами 10 минг дона лицензия сотиб олиниши режалаштирилган бўлиб, шу кунгача 3,5 минг дона харид қилинган. Ҳозирда uzbekcoders.uz сайти орқали “Coursera” платфор­масида 314 минг ўқувчи таҳсил оляпти. 606 нафар ёш эса профессионал – пуллик курсларда ўқияпти.

Компьютер технологиялари соҳасидаги би­лимларини оширишни мақсад қилган навқирон авлод вакиллари моддий-молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани ҳам эътиборга молик. Курсларда таҳсил олаётган ёки муваффақиятли тамомлаган 15 мингдан ортиқ йигит-қизга ком­пьютер харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқ­дорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилди. Шунинг баро­барида “Бир миллион дастурчи” доирасида ва IT паркнинг таълим резидентларида тегишли серти­фикатни қўлга киритган ёшларга компьютер хари­ди учун 7,5 млн сўм миқдоридаги имтиёзли кре­дитлар ажратилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазир­лигининг АКТни жорий этиш ва рақамлаштириш бошқармаси бош мутахассиси Ш. Саидов мамла­катимизда ушбу соҳада олий таълим берадиган муассасалар сони 60 тадан ва уларда таҳсил ола­ётган талабалар сони 50 мингдан ортганини бил­дирди. Хусусан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг 6 та филиали, Тошкент шаҳридаги Инҳа ва Амити университетлари томонидан 35 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича 29 мингдан ортиқ олий маълумотли кадрлар тайёрланяпти.

Ёшлар ишлари агентлиги марказий аппарати бўлим бошлиғи Б. Синдоров ўз сўзида агентлик томонидан IT сертификатларини олишга сарфла­надиган харажатларнинг 50 фоизини қоплашга имкон берувчи “IT истеъдод” портали ишга туши­рилганини, шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлар портали – my.gov.uz орқали аризалар­ни қабул қилиш учун халқаро IT сертификатлари­ни олиш ҳамда ўқиш харажатларининг 50 фоизга­ча бўлган қисмини қоплаб бериш хизмати жорий этилганини қайд этди. Натижада ҳозирги кунгача халқаро IТ сертификатини олиш дастурида қат­нашган 735 нафар ёшнинг жами 1 млрд сўм дан ортиқ харажатлари қоплаб берилди.

Йиғилиш якунида ишчи гуруҳ аъзолари маз­кур фаолиятни такомиллаштиришга қаратилган 4 та аниқ ва асосли таклиф-тавсияни илгари су­ришди.

Биринчи, Рақамли технологиялар вазирлиги “Эл-юрт умиди” фонди билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали хорижий мамлакатларда IТ йўнали­шида таълим олаётган талабалар ва меҳнат қила­ётган ватандошлар билан алоқа ўрнатиши, улар­ни қўшимча қўллаб-қувватлаш тизимини яратиши зарур.

Иккинчи, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ажратилаётган маблағларнинг шаф­фоф етказилишини таъминлаш бўйича платфор­мани янада такомиллаштириш талаб этилади. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан замонавий компьютер жамланмаларига ажратиладиган суб­сидияларни ўз вақтида ажратилишини таъминлаш мақсадга мувофиқ.

Учинчи, Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларининг “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси платформасига интеграция жараёнлари якунларини амалга оши­риш ҳамда мазкур вазирликларга платформа ад­минлигини ажратиш чораларини белгилаш.

Тўртинчи, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари, Ёшлар парламенти аъзоларини жалб этган ҳолда Ягона интерактив давлат хизматлар порталини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш.

Бу каби истиқболли мақсадларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил давом эта­веради.

Абдулла АСЛАНОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари

  • Кўрилди
    338
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+